Эронда ЙТҲда ҳалок бўлганларга бағишланган митинг ҳукуматга қарши норозилик намойишига айланиб кетди

Фото: Reuters

Эрон ғарбидаги Илом вилоятида жойлашган Обдонон шаҳрида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган маҳаллий нефтчиларга бағишланган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари ЙТҲ айбдорлари ҳамда малакасиз амалдорларни жазолашни талаб қилишди, бироқ кейинроқ оломон ҳукуматга қарши шиорларни ҳайқира бошлади, деб хабар бермоқда Euronews Ислом Республикаси оммавий ахборот воситаларига таяниб.

Сешанба куни шаҳарнинг бош майдонига 200–300 киши тўпланган, кейинчалик намойишчилар сони минг нафарга етган. Дастлаб Обдонон аҳолиси 13 нафар нефть соҳаси ходимининг ҳаётига зомин бўлган ЙТҲ айбдорлари билан масалани ҳал қилишни талаб қилган. Улар маҳаллий ҳокимиятга қарата: «Мотам! Мотам!» ва «Истеъфо талаб қиламиз!» дея ҳайқиришган.

Аммо кейинроқ, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) яқин бўлган Fars нашрининг ёзишича, намойиш «сиёсий тус» олган.

Euronews ижтимоий тармоқларга сизиб чиққан кам сонли видеоёзувларга таянган ҳолда, акция иштирокчилари олий раҳнамо Мужтабо Хоманаийга ишора қилиб «Диктаторга ўлим!», «Ислом республикаси, қоғоз раҳбаринг қани?» ва бошқа ҳукуматга қарши шиорларни ҳайқирганини хабар қилди.

Шунингдек, оломон «Яшасин шоҳ!» деб ҳайқириб, Эронда монархияни қайта тиклашга чақирган. Бироқ Euronews таъкидлашича, видеороликларга монтаж пайтида овоз қўшилган ёки ўзгартирилган бўлиши мумкинлиги сабабли, ушбу ҳайқириқларнинг ҳақиқийлигини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, норозилик жойига полиция етиб келган ва осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узиш ҳамда кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида намойишчиларни тарқатиб юборган. Шу билан бирга, интернетда ҳалок бўлган нефтчиларнинг яқинлари авария сабабларини аниқлаш ва айбдорларни жазолашга чақирган ҳамда Обдонон аҳолисидан норозилик акцияларидан тийилишни сўраган видеомурожаатлари пайдо бўлди. Маҳаллий расмийлар ҳам шаҳарликларни кўчага чиқмасликка ва жамоат тартибини бузмасликка чақирди.

Обдонон — аҳолиси 20 мингдан сал кўпроқ бўлган шаҳар. 14 ноябрь куни мазкур аҳоли пункти яқинида ишчиларни олиб кетаётган NGL Dehloran нефть компанияси автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида ЙТҲ содир бўлганди.

Кейинроқ Илом вилояти полицияси вакиллари тергов талқинига кўра, авария ҳайдовчининг бепарволиги, транспорт эгаси бўлган компания томонидан автобус ижараси шартларининг бузилиши, шунингдек, муниципалитетнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлай олмагани сабабли юз берганини эълон қилди. Натижада нефть компанияси бош директори ва Илом вилояти йўл маъмурияти раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ