Кремль Украинадаги урушни тугатиш бўйича Ғарбга қўйган талабларига Марказий Осиёни ҳам киритди

АҚШлик музокарачилар Стив Уиткофф (марказдан чапда) ва Жаред Кушнер Кирилл Дмитриев билан (ўнгда) пайшанба куни Москвада. Reuters фотоси.

Россия Украинадаги урушни якунлаш бўйича музокаралардаги талабларига НАТО давлатларининг Марказий Осиёдаги «ҳар қандай ҳарбий фаолият»дан воз кечишини ҳам киритди, деб 13 ноябрь куни The New York Times хабар берди. Нашр Россия вакиллари Абу-Дабида АҚШ ва Украина делегациялари билан ўтказилган музокараларда тарқатган норасмий ҳужжат билан танишиб чиққан.

Ушбу талаб нафақат Марказий Осиё, балки Украина, Шарқий Европанинг бошқа давлатлари ва Жанубий Кавказга ҳам тегишлидир. Москва, шунингдек, НАТОнинг кейинчалик кенгаймаслигини талаб қилмоқда. Шу тариқа, Кремль альянс давлатларининг ҳарбий фаолиятини Украинадан анча ташқарида, жумладан Марказий Осиё минтақасида ҳам чеклашга уринмоқда.

Бу жиҳатдан Россиянинг позицияси Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан аввал илгари сурилган талабларни такрорлайди. Россия ТИВ 2021 йил 17 декабрда эълон қилган НАТО давлатлари билан келишув лойиҳасининг 7-моддасида альянс аъзоларининг «Украина, шунингдек, Шарқий Европа, Закавказье ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳудудида ҳар қандай ҳарбий фаолият юритишдан» воз кечишини мустаҳкамлаш таклиф этилган эди. Бу ибора айнан НАТО давлатларига қаратилган бўлиб, фақат ҳарбий базаларни жойлаштириш масаласи билан чекланмайди.

NYT маълумотларига кўра, Абу-Дабидаги музокараларда Россия вакиллари совуқ уруш давридаги Европа тузилишини урушдан кейинги тартибнинг эҳтимолий намунаси сифатида келтирган. Уларнинг таъкидлашича, Америка ва Совет таъсир доираларига бўлиниш, ўша пайтдаги келишувлар ҳамда алоқа каналлари билан биргаликда, низо хавфини камайтирган. Нашр фикрини келтирган ушбу ёндашув танқидчилари эса Вашингтон Владимир Путинга Европадан то Марказий Осиёгача чўзилган совет намунасидаги таъсир доирасини тиклашга ёрдам беришидан хавотирда.

Минтақавий чекловлардан ташқари, Москва НАТО қўшинлари ва базаларини альянснинг шарққа кенгайишидан олдинги 1997 йилги позицияларга қайтаришни ҳамда Украинага ҳар қандай Ғарб қуроллари ва ҳарбий техникаси етказиб беришни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Россия томони Украинанинг Европа Иттифоқига киришини фақат унинг ЕИ умумий мудофаа сиёсатида иштирок этмаслиги шарти билан маъқуллашга тайёр. Яна бир талаб Буюк Британия ва Францияга тегишли бўлиб, улар бошқа Европа давлатларини ҳимоя қилиш учун ўз ядровий қуролидан фойдаланиш эҳтимолини истисно этиши керак.

Ҳужжат 10 ноябрь санаси билан қайд этилган бўлиб, унда расмий бланка ҳам, имзо ҳам йўқ. Бу келишилган режа эмас, балки музокаралар позициясининг норасмий баёни бўлган «non-paper»дир. NYT уни музокараларда иштирок этган шахсдан олган; вазиятдан хабардор бошқа бир суҳбатдош эса ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Нашр манбаларига кўра, Россия вакиллари бу дастлабки позиция эканини ва Путин ҳали мослашувчанлик кўрсатиши мумкинлигини англатган.

АҚШ маъмуриятидаги NYT суҳбатдошига кўра, америкалик музокарачилар Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия томонига 2021 йил декабридан бери кўп нарса ўзгарганини билдирган. Улар Москванинг кескинликни камайтириш бўйича аниқ қадамларини назарда тутувчи янги таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини маълум қилган. Путиннинг матбуот котиби нашрга изоҳ беришдан бош тортган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ