БМТ Халқаро суди Мьянмани роҳинжа геноциди учун жавобгар деб топди

Бангладешдаги қочқин роҳинжалар, 2026 йил ноябрь. REUTERS фотоси.

БМТ Халқаро суди 19 ноябрь куни Мьянмани 2017 йилда Ракхайн штатида ўтказилган ҳарбий амалиёт чоғида роҳинжа мусулмон озчилигига қарши геноцид содир этганликда жавобгар деб топди. Reuters хабарига кўра, суд мамлакат зиммасига етказилган зарарни қоплаш ва қочқинларнинг хавфсиз қайтишини таъминлаш мажбуриятини юклаган.

Қарор Гамбиянинг 2019 йилда берган даъвоси бўйича тўққизта қарши олтита овоз билан қабул қилинди. Суд раиси Южи Ивасава уни Гаагада эълон қилди; мажлис трансляцияси БМТ томонидан эълон қилинди. Суд Мьянманинг ҳарбийлар ҳаракати исёнчиларга қарши қонуний амалиёт бўлганлиги ҳақидаги важларини рад этди.

Судьялар хавфсизлик кучлари минглаб тинч аҳолини ўлдиргани, оммавий зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонликларни содир этгани, болаларга нисбатан ўта шафқатсиз муносабатда бўлгани ва Бангладешга қочаётган одамларга ҳужум қилганини аниқлади. Ҳарбийлар эркаклар ва ўғил болаларни оммавий қатл этган, роҳинжаларнинг қишлоқларини ёқиб, вайрон қилган. Суд баҳосига кўра, далиллар озчилик вакилларидан тахминан 10 минг нафари ҳалок бўлганини тасдиқлайди.

Геноцидни тан олиш учун суддан Геноцид тўғрисидаги конвенция билан ҳимояланган гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш нияти бўлганини исботлаш талаб этиларди. Судьялар Мьянма хатти-ҳаракатлари мажмуининг ягона оқилона изоҳи Ракхайн шимолидаги роҳинжаларнинг салмоқли қисмини йўқ қилиш нияти бўлган, деган хулосага келди. Шунингдек, улар ҳарбийлар мазкур гуруҳга нисбатан нафрат уйғотувчи баёнотлар тарқатганини таъкидладилар.

Товон пули миқдори кейинроқ белгиланади. Етказилган зарарни қоплашдан ташқари, Мьянма кўчирилган роҳинжаларнинг ўз яшаш жойларига хавфсиз ва муносиб тарзда қайтиши ҳамда оилалари билан бирлашиши имкониятини таъминлаши шарт. 2017 йилги ҳарбий амалиётдан сўнг қўшни Бангладешга камида 700 минг киши қочиб ўтган.

👉 Роҳинжалар — Мьянманинг асосан мусулмонлардан иборат этник озчилиги бўлиб, тарихан мамлакат ғарбида, Бангладеш билан чегарадош Ракхайн штатида истиқомат қилади. Мьянма аҳолисининг кўпчилиги буддизмга эътиқод қилади. Роҳинжалар бу минтақада асрлар давомида яшаб келаётган бўлса-да, расмийлар уларни мамлакатнинг алоҳида этник бирлиги сифатида тан олмайди, 1982 йилги фуқаролик тўғрисидаги қонун эса уларнинг аксариятини амалда фуқароликдан маҳрум қилган. Таъқиблар негизида диний адоват ва этник камситиш ётади: роҳинжалар бегоналар, Бангладешдан келганлар сифатида кўрсатилади ва уларнинг ушбу мамлакатга мансублик ҳуқуқи инкор этилади. Бу шунчаки диний низо эмас, балки оммавий қирғинлар ва қувғин кампанияси билан авжига чиққан этник гуруҳни кўп йиллик давлат миқёсида таъқиб қилишдир.

Қарор узил-кесил бўлиб, шикоят қилиниши мумкин эмас, бироқ суднинг унинг ижросини талаб қилиш имкониятлари чекланган. Суд муҳокамаси давлатнинг жавобгарлигига тегишли: БМТ Халқаро суди давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилади ва алоҳида шахсларга нисбатан жиноий ҳукм чиқармайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ