Тожикистонлик ўсмирлар Музбек чўққисига Раҳмон ва Путин портретларини олиб чиқдилар

Ёш спортчилар Музбек чўққисида. asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Россия президенти Владимир Путиннинг 70 йиллик юбилейлари шарафига Сўғд вилоятидан бир гуруҳ ёш спортчилар Музбек чўққисига кўтарилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар берди.

Болалар ўзлари билан Раҳмон ва Путин портретларини, шунингдек, Мўғул Тау тоғларининг энг баланд нуқтаси – Музбек чўққисига (денгиз сатҳидан 1624 метр баландликда) Россия ва Тожикистон байроқларини олиб кўтарилишган.

Акция Тожикистон ёшлар жанг санъати федерацияси президенти, журналист Геннадий Набиев ташаббуси билан бўлиб ўтган.

«Бу йил 5 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 70 ёшга тўлди, 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ҳам ўзининг 70 ёшини нишонлайди. Уларнинг юбилейи, икки давлат ва халқлар дўстлиги муносабати билан биз Хўжанд тоғларининг энг баланд чўққисига байроқлар ва етакчилар портретларини кўтаришга қарор қилдик», — дейди Набиев.

Шу билан бирга, унинг ўзи соғлиғи сабабли кўтарилишда қатнашолмаган. Спортчиларга Карате ва яккакурашлар академияси раиси Каримжон Ҳожибоев ҳамроҳлик қилди.

Бундан олдин, яъни 2015 ва 2017 йиллари Музбек чўққисида икки давлат байроқлари ва президентларнинг портретлари кўтарилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ