Тожикистон пойтахти Душанбе суди журналист Абдулло Ғурбатийни (Авазмат Ғурбатов) 7 йилу олти ойга қаттиқ тартибли колонияга озодликдан маҳрум қилди. У ўзига қўйилган учта модда бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил маркази маълумотларига таяниб «Азия-плюс» хабар беради.
Бугун, 4 октябрь куни Адлия вазирлиги Бош бошқармасига қарашли 1-сонли тергов изоляторининг маъмурий биносида Ғурбатийнинг жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.
Абдураҳмон Шариповнинг адвокатига кўра, журналист ўз айбини тан олмаган.
«Суд муҳокамаси якунида суд охирги сўзни судланувчи Абдулло Ғурбатовга берди. У аввалгидек ўзи айбланаётган жиноятлар бўйича айбсизлигини эълон қилди ва ҳар қандай экстремистик гуруҳга алоқадорлигини рад этди. У суддан уни айбсиз деб топиб, оқлашини сўради», — деди Шарипов.
Бироқ, Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туман суди уни Тожикистон Жиноят кодексининг 328 — (ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилиш), 330- (ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш) ва 307- (экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этиш) моддалари бўйича айбдор деб топган ва ҳукм чиқарган.
Таъкидлаш жоиз, айбловчи Гурбати учун 8 йил қамоқ жазосини сўраган.
Журналистнинг ҳимояси ҳукм устидан юқори судларга шикоят қилишларини маълум қилди.
Ғурбатий жорий йилнинг июнь ойида ҳибсдаги блогер Далер Имомали иши бўйича Тожикистон пойтахтининг Шоҳмансур тумани прокуратурасига чақирилган. Имомали Ғурбатий билан биргаликда Шоҳмансур тумани ҳукуматида фуқароларни қабул қилиш ҳақида видео суратга олишга уринганидан сўнг ҳибсга олинган. 16 июнь куни Тожикистон пойтахти прокуратураси иккаласига ҳам жиноий моддалар бўйича айблов қўйгани маълум бўлади. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари Ғурбатийни Тожикистонда тақиқланган Ислом Уйғониш партияси* фаолиятида иштирок этганликда айблаган.
Ғурбатий ва Имомалини тожик ҳамкасблари ва баъзи халқаро ташкилотлар, жумладан Human Rights Watch ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) қўллаб-қувватлади.
*РФда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).