Қозоғистонлик блогер Диас Кузаиров Павлодарда бепул тушлик пайтида россияликлар иштирокидаги жанжалдан сўнг беш кунга ҳибсга олинди, дея хабар берди КазТАГ.
Жанжал 27 сентябрь куни тушдан кейин Академик Сатпаев кўчасидаги Silver Palace ресторани ёнида содир бўлган. Павлодар шаҳар маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган судининг қарорида қайд этилишича, блогер Даримова Г.Н. томонидан таклиф этилган ресторан меҳмонларини ҳақорат қилган.
«Шу билан бирга, у меҳмонларга сиёсий тусдаги провокацион саволларни бериб, уларга салбий баҳо берганча тадбир ташаббускори Даримова Г.Н. билан жанжаллашган ва ҳолатни тасвирга олиб, эфирга узатган. YouTube каналида жамоат тартибини ва жисмоний шахслар осойишталигини бузган ҳолда, майда безорилик содир этган», — дейилади ҳужжатда.
Суд Кузаировни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 434-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, маъмурий жазо – беш суткага қамоққа олиш тарзидаги жазо тайинлаган.
Диас Кузаиров Қозоғистонда жуда машҳур блогер бўлиб, унинг YouTube каналига 58 000 га яқин обуначи бор. Август ойида у Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Пётр Врублевский билан интервьюсини намойиш қилди, унда элчи Россия махсус ҳарбий операциясини шарҳлар экан: «Биз ҳозир русларни қанчалик кўп ўлдирсак, болаларимиз учун шунча кам иш қолади», деган. Бу баёнот кенг шов-шув бўлиб, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди. Кейинроқ вазирлик расмий вакили Айбек Смадияров Врублевский ўз сўзлари учун узр сўраганини айтди.
Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилганидан кейин россияликлар Қозоғистонга оммавий равишда кела бошладилар. Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, ўша пайтдан бери Қозоғистонга 200 мингдан ортиқ россиялик келган. Улардан 148 минг нафари аллақачон мамлакатни тарк этган. Шу билан бирга, 70 минг киши шахсий идентификация рақами олган, 68 киши Қозоғистон фуқаролигини олиш учун ариза топширган.
Маҳаллий аҳоли орасидан кўнгиллилар мамлакатга келган русларга фаол ёрдам беришмоқда. Бироқ, Россия Федерацияси фуқаролари билан жанжал қўзғатган блогер Кузаировнинг иши ёлғиз эмас. Ақтўбеда яқинда полицияга олиб кетилган аёл ижтимоий тармоқларга релокантларга таҳдид солаётган видеони жойлаштирган. У россияликларни саботажчилар деб атаган ва улардан Россия Федерациясига қайтишни талаб қилган. Полиция унга нисбатан майда безорилик моддаси бўйича маъмурий баённома тузган.