Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихоналари мигрантларнинг сафарбарликка жалб этилаётганига доир хабарларни рад этди

Сохта буйруқ. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат

Хорижий фуқаролар, жумладан, Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат мигрантларининг Россияда мажбурий ҳарбий хизматга чақирилаётгани доир миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги элчихоналари ўзларининг Telegran-каналларида хабар тарқатди.

Учала хабарда ҳам интернетда тарқалаётган Россия Ички ишлар вазирлигининг сохта буйруғи тилга олинган. Унга таяниб, нохолис шахслар Россияда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қисман сафарбарликка жалб этилаётганини ёзишмоқда. Уларга кўра, гўёки фуқаролар шартнома тузишдан бош тортишса, уларнинг ишлаш учун рухсатномалардан маҳрум бўлиши ва депортация қилиниши мумкинлиги хавфи бор эмиш.

Элчихоналар Россия Федерациясидаги чет эл фуқароларини провокацияларга берилмасликка ва фақат расмий маълумотларга эътибор қаратишга чақирди.

«Бундай сохта хабарларни тарқатаётганлар бизнинг бошқа давлатлар билан муносабатларимизга соя солишни мақсад қилишган», — дея қўшимча қилади Россиянинг Тожикистондаги дипломатик миссияси.

Бироқ, 47news.ruнинг маълум қилишича, Россияда чет эл фуқароси кутилмаган чақирув қоғозидан ҳайратга тушиши мумкин. Унда Санкт-Петербургда чақирув қоғози қозоғистонлик 31 ёшли Георгийга топширилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Георгий Россияда яшаш учун рухсатномаси борлигини, бироқ у Қозоғистон фуқароси эканини айтган. Кейинроқ ҳарбий комиссарлик орада хатолик ўтганини тан олган. Республика Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу ҳодисага изоҳ бериб, буни «базалардаги номувофиқлик»ка йўйган.

21 сентябрь куни президент Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди. Унга кўра зарур ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган заҳирадаги фуқаролар — биринчи навбатда, 35 ёшгача бўлган аскарлар, бригадирлар ва посбонлар ва 45 ёшгача бўлган кичик офицерлар сафарбар этилади. Улар МҲО ҳудудига жўнатилишдан олдин қўшимча тайёрганликдан ўтадилар.

30 сентябрь куни Путин ҳарбий хизматга камида бир йил шартнома тузган ва камида олти ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган хорижликларнинг Россия фуқаролигини соддалаштирилган ҳолда олиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат ҳуқуқий ахборот интернет порталида эълон қилинди.

Унда айтилишича, худди шундай имконият жангларда олти ойдан камроқ вақт давомида қатнашган, аммо жароҳат олгани сабабли хизматни тарк этишга мажбур бўлганларга ҳам тақдим этилади.

Чет эл фуқароларининг ўзларидан ташқари, уларнинг турмуш ўртоғлари, фарзандлари ва ота-оналари ҳам фуқароликни соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ