Кобулдаги «Каж» таълим марказида юз берган портлаш оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 40 га яқин киши жароҳатланди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукуматидаги манбага таяниб, Al Jazeera хабар берди.
«Каж» шиалар яшайдиган Дашт ал-Барши ҳудудида жойлашган. Кобул полицияси матбуот котиби Холид Задраннинг айтишича, ҳужум 30 сентябрь куни эрталаб соат 7:30 (Москва вақти билан 6:00) атрофида, талабалар имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун марказга йиғилган пайтда содир бўлган. Хавфсизлик манбасининг Al Jazeera телеканалига айтишича, худкуш-террорчи қўриқчини отиб ўлдирган, синф хонасига бостириб кирган ва портловчи белбоғни ишга туширган.
Толиблар ҳаракати матбуот котиби Забиулла Мужоҳид ўзининг Twitterдаги саҳифасида афғон ҳукумати ўқув марказига қилинган ҳужумни қоралашини ва ҳужум қурбонларининг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдиришини ёзди. У мутасаддиларнинг айбдорларни топиш ва жазолаш учун жиддий чоралар кўришига ваъда берди.
Al Jazeera 2018 йили худди шу марказга ҳужум қилинганини эслатади. Ўшанда юз берган ҳужум натижасида 100 киши ҳалок бўлган ва яралан.