Reuters: «Толибон» Россия билан бозордан паст нархларда ёқилғи ва ғалла етказиб берилиши бўйича шартнома имзолади

Қобулда сотилаётган бензинга тўлдирилган канистрлар. Reuters фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати Россия билан ёқилғи ва ғалла етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги Афғонистон Савдо ва саноат вазири Ҳожи Нуруддин Азизийга асосланиб хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия ҳар йили Афғонистонга 1 миллион тоннага яқин бензин, 1 миллион тонна дизел ёқилғиси, 500 минг тонна суюлтирилган газ ва 2 миллион тонна буғдой етказиб беради.

Нархлар ва тўлов усуллари ҳақида хабар берилмаган. Азизийнинг сўзларига кўра, нархлар бозор нархидан паст бўлади – Россия чегирма таклиф қилган.

Reuters агентлигининг қайд этишича, бу келишув толиблар 2021 йили ҳокимият тепасига келганидан бери тузилган биринчи йирик келишувдир. Вазирнинг тушунтиришича, ҳозирда Эрон ва Туркманистон Афғонистонга газ ва нефть етказиб бермоқда. Покистон билан толиблар «кучли савдо алоқаларига эга».

Азизий август ойида шундай битим тузилиши режалаштираётганини маълум қилганди. Агар Россия томони энергия ресурслари эвазига «баъзи афғон маҳсулотлари»га қизиқиш билдирса, у ҳолда «Толибон» товар айирбошлаш вариантини кўриб чиқиши аён бўлганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ