Россия президенти Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилди. Россия Федерациясининг захирадаги фуқаролари, шунингдек, Қуролли Кучларда ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий мутахассислик ва тажрибага эга бўлганлар ҳарбий хизматга чақирилади.
“Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисида«ги фармон Kremlin.ru сайтида эълон қилинди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг ҳарбий хизматга чақириладиган фуқаролар тоифаларини санаб ўтди. Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, жанговар тажрибага эга бўлган россияликлар захирадан чақирилади. Бундан ташқари, ушбу тоифага армия учун зарур бўлган ҳарбий мутахассислиги бўлган одамлар киради. Умуман олганда, Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 300 минг заҳирадаги аскар чақирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил май ойида ўзини ўзи мустақил деб атаган маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Луганск ва Донецк вилоятларида ташкил этилган референдумлардан сўнг ЛХР ва ДХР эълон қилинди.
Шу йилнинг 22 февралида Россия Федерацияси ЛХР ва ДХРни расман тан олди. Икки кундан кейин Россия армияси Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлади.
МҲО даврида Херсон ва Запорож вилоятлари қисман рус қўшинлари томонидан ишғол қилинди, шундан сўнг у ерда янги россияпараст ҳокимият тайинланди.
Бундан ташқари, 20 сентябрь куни Россия Давлат Думаси РФ Жиноят кодексига «сафарбарлик» ва «ҳарбий ҳолат» тушунчаларини киритиш, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинига келмаслик, ихтиёрий таслим бўлиш учун 10 йил, уруш даврида талончилик қилганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини киритиш тўғрисида қонун қабул қилди.