ЛХР, ДХР ва Украинанинг Херсон вилоятида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиши белгиланди

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецк Халқ Республикалари (ЛХР ва ДХР), шунингдек, Россия томонидан тайинланган Украинанинг Херсон вилояти раҳбарияти 23-27 сентябрь кунлари Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказиш ниятида эканини маълум қилди.

ДХР раҳбари Денис Пушилин Россия президенти Владимир Путинга ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республиканинг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши масаласини имкон қадар тезроқ кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилди. «Донбасснинг кўп азиятлар чеккан халқи ҳар доим ўз ватани деб билган Буюк мамлакатнинг бир қисми бўлишга лойиқдир. Бу воқеа тарихий адолатнинг тикланиши бўлади, унинг бошланишини миллионлаб россияликлар орзу қилишмоқда», — деб ёзади Пушилин ўзининг Telegram-каналида.

ЛХР ва ДХР 2014 йил май ойида Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ўтказилган тегишли референдумлардан сўнг эълон қилинган эди.

Шу йилнинг 22 февралида Россия Федерацияси ЛХР ва ДХРни расман тан олди. Икки кундан кейин Россия армияси Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлади.

Херсон вилояти МҲО даврида қисман рус қўшинлари томонидан босиб олинди, шундан сўнг у ерда янги россияпараст ҳокимият ўрнатилди.

Референдумлар ҳақидаги янгиликлар билан бир вақтда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг кескинлашуви ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Россия Давлат Думаси РФ Жиноят кодексига «сафарбарлик» («мобилизация») ва «ҳарбий ҳолат» тушунчаларини киритиш, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинига келмаслик, ихтиёрий таслим бўлиш учун 10 йил, уруш даврида талончилик қилганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини киритиш тўғрисида қонун қабул қилди.

Ўз ихтиёри билан таслим бўлиш учун (РФ Жиноят кодексининг 352.1-моддаси) 3 йилдан 10 йилгача (давлатга хиёнат белгилари бўлмаса), талон-тарож қилиш учун (РФ Жиноят кодексининг 356.1-моддаси) 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат даврида бўлинмани рухсатсиз тарк этганлик учун жазо кучайтирилади (РФ Жиноят кодексининг 337-моддаси): икки кундан ўн кунгача — 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, ўн кундан бир ойгача — 7 йилгача, бир ойдан ортиқ вақт учун — 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.

«Қўл остидагилар томонидан бошлиқнинг буйруғини бажармаганлик», шунингдек, ҳарбий ёки жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортганлик учун икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилади.

Шунингдек, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг оғирлаштирувчи ҳолатлар тўғрисидаги моддасига (63-модда) «сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли тўқнашув ёки жанговар ҳаракатлар шароитида» жиноят содир этганлик ҳолати киритилди.

Россия Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш ташаббусини — сенаторлар Андрей Клишас ва Ольга Ковитиди, шунингдек, Давлат Думасининг тўққиз нафар депутати: Дмитрий Вяткин, Эрнест Валеев, Василий Пискарев, Андрей Картаполов (барчаси «Единая Россия»дан), Леонид Слуцкий (ЛДПР), Олег Нилов («Справедливая Россия — за правду»), Владислав Даванков («Новые люди»), Виктор Соболев, Николай Коломейцев (иккаласи ҳам коммунистларнинг КПРФ партиясидан) илгари сурган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ