КХШТ Афғонистон шимолига 400 нафар ИШИД жангариси сафарбар қилинганини маълум қилди

КХШТ бирлашган штаби раҳбари генерал-полковник Анатолий Сидоров. Finam.ru сайти фотосурати

КХШТ бирлашган штаби раҳбари генерал-полковник Анатолий Сидоров. Finam.ru сайти фотосурати

Афғонистон шимолига «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* террорчилик ташкилотининг 400 нафар жангариси ташланган. Бу ҳақда 15 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бирлашган штаби раҳбари генерал-полковник Анатолий Сидоров маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

Сидоров террорчилар Афғонистон шимолидаги Бадғис, Жузжон, Қундуз, Таҳор ва Бадахшон вилоятларига «террорчилик ҳужумларини амалга ошириш ҳамда фуқаро ва ҳарбий объектларга ҳужум қилиш мақсадида» юборилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда юқори даражадаги террорчилик ҳаракати сақланиб қолинган, 2022 йили республикада 250 га яқин киши террорчилар қурбони бўлган, мингдан ортиқ киши жароҳатланган. «Шу билан бирга, «Толибон»* радикал ҳаракати раҳбариятининг юқори мансабдор шахслари ҳужумларнинг асосий объектига айланган», — дея хулоса қилади штаб раҳбари.

Қайд этиш лозим, террорчиларнинг асосий нишонлари орасида этник-диний озчилик вакиллари – ҳазоралар ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни ИШИДдан бўлган худкуш-террорчи Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлими кираверишига яқин жойда ўзини портлатиб юборган эди. У консуллик ходими визага номзодларни эълон қилиш учун навбатда турган одамлар олдига чиққан пайтда портловчи қурилмани ишга туширган. Бошқа бир версияга кўра, Россия элчихонасининг ташқи атрофини қўриқлаётган «Толибон» радикал ҳаракати жангарилари худкуш-террорчини отиб ташлашга муваффақ бўлишган, аммо отишмалардан террорчи қўйган портловчи моддалар портлаб кетган.

Натижада Россия элчихонасининг икки ходими ҳалок бўлди: иккинчи котиб Михаил Шах ва мутахассис эксперт (хавфсизлик ходими) Адигжи Кужугет. Улардан ташқари элчихонанинг ташқи атрофини қўриқлаётган икки «Толибон» жангариси ва навбатда турган камида олти нафар тинч афғон ҳалок бўлган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар РФ ва кўпгина давлатлар томонидан террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлар ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ