5 сентябрдаги терактдан сўнг Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлими фуқароларни қабул қилишни вақтинча тўхтатганини маълум қилди. Ушбу бўлим чет эл фуқароларига виза бериш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Кобул вақти билан соат 10:50 да (Москва вақти билан 9:20) Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлимига кириш жойи яқинида «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* террорчилик гуруҳига алоқадор худкуш-террорчи ўзини портлатиб юборган эди. У консуллик ходими навбатда турган одамлар олдига чиққан пайтда портловчи қурилмани ишга туширган. Бошқа бир версияга кўра, Россия элчихонаси атрофини қўриқлаётган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари худкуш-террорчини отиб ташлашга муваффақ бўлишган, аммо отишмалар чоғи террорчи қўйган портловчи моддалар портлаб кетган.
Натижада Россия элчихонасининг икки ходими ҳалок бўлган: иккинчи котиб Михаил Шах ва мутахассис эксперт (хавфсизлик ходими) Адигжи Кужугет. Улардан ташқари элчихона атрофини қўриқлаётган икки «Толибон» жангариси ва навбатда турган камида олти нафар афғон ҳалок бўлган.
Таъкидлаш жоиз, Россия элчихонаси ўтган йил август ойида толиблар томонидан Кобулдаги ҳокимият қўлга киритилганидан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттирган кам сонли элчихоналардан биридир. Толиблар делегациялари, асосан, иқтисодий соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда Россияга ташриф буюрадилар.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).