Тожикистон Покистонга 1,18 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами юборади

Покистонда сув тошқини. dawn.com сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон сув тошқинлари катта зарар етказган Покистонга 12,2 миллион сомоний (1,18 миллион доллар) миқдорида гуманитар ёрдам етказиш борасида топшириқ берди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Покистон бир ойдан ортиқ давом этаётган кучли ёмғир ва сув тошқинлари туфайли жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан республика президенти Эмомали Раҳмоннинг фармони билан Покистон халқига инсонпарварлик ёрдами ажратилди», — дейилади хабарда.

Ёрдам, хусусан, 500 тонна ун, 500 тонна ичимлик суви, 1000 тонна кўмир, 1000 тонна цемент ва 20 минг дона шифердан иборат.

Маълум қилинишича, инсонпарварлик ёрдами юкланган автомобиллар карвони эртага, 7 сентябрь куни жўнаб кетади.

Покистонда бир неча ҳафта давом этган сув тошқинлари оқибатида сўнгги маълумотларга кўра, 1314 киши ҳалок бўлган. Мамлакат жануби-ғарбидаги Балужистон ва Синд вилоятлари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар уйларидан айрилган. 26 август куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 33 миллион киши (мамлакат аҳолисининг қарийб 15 фоизи) тошқиндан жабр кўрганини айтди.

Фавқулодда вазият туфайли Покистон дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилди. БМТ ҳам Покистон учун 160 миллион доллар ёрдам сўраган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбий ҳаво транспорти орқали Покистонга 40 тонна гуманитар юк жўнатган эди. Бу озиқ-овқат, жумладан, ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон, шунингдек, иссиқ адёл ва бошқа зарур нарсалардан иборат эди.

Қозоғистон мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номидан Покистонга ёрдам кўрсатиш учун 400 минг доллар ажратди. Маблағлар кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тўқимачилик саноати вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига бошқа нарсалар қаторида дори-дармон ва тиббий буюмлар, шунингдек, товарлар ва маҳсулотларни ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдамини Покистонга юборишни топширди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ