Россия ўтган йили афғон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган юзга яқин самолёт ва вертолётларнинг Украинага юборилишини истамайди. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов РИА Новости агентлигига берган интервьюсида таъкидлаб ўтди.
«Ўтган йил август ойида афғон ҳарбийлари томонидан Тожикистонга тахминан 60 та, Ўзбекистонга 40-50 та олиб ўтилган вертолёт ва самолётларнинг Украинага берилмаслиги биз учун муҳим», — дейди Кабулов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойи ўрталарида «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари Афғонистон шаҳарларини қаршиликсиз эгаллаб олгач, ҳукумат ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) учувчилари 50 га яқин вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга қочган эди. Бундан ташқари, Ҳарбий ҳаво кучлари самолётларининг бир қисми Тожикистон ҳудудига қўнган. Самолётлар Мозори Шариф ва Кобулдаги ҳаво базаларидан ўғирлаб кетилган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили, армия майори Роб Лодевикнинг маълум қилишича, ўтган йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда 18 та авиация техникалари бўлган. Жумладан, уларнинг орасида Ми-17, UH-60, MD-530F вертолётлари ва PC-12, C-208, AC-208, A-29 самолётлари бўлган.
Жорий йилнинг апрель ойи охирида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Тошкент Америка ҳукуматига ҳарбий вертолётлар ва самолётларни қайтариш ниятида эканини айтган эди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).