Афғонистонда сўнгги бир ой ичида юздан ортиқ одам сув тошқини қурбони бўлди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) га таяниб хабар берди.
ФВВ вакили Муҳаммад-Насим Ҳаққоний сўзларига кўра, «[ўтган ойда] сув тошқинларида 120 киши ҳалок бўлган, яна 152 киши жароҳат олган».
Пактия вилояти аҳолисининг айтишича, сув тошқинлари уларни ичимлик сувидан маҳрум қилган.
«Одамлар ичимлик суви олаётган канал ва қудуқлар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар вайрон бўлди», — дейди пактиялик Раҳматулла Зиармал (Rahmatullah Ziarmal).
Сўнгги бир ой ичида Афғонистоннинг йигирмага яқин вилоятларида (жами 34 та вилоят бор) сув тошқинлари содир бўлган ва кўплаб инфратузилмаларга, жумладан, автомобиль йўлларига зарар етказган.
Кучли ёмғирлар натижасида сув тошқинлари қўшни Эронда ҳам содир бўлди. У ерда ҳам қурбонлар бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эроннинг турли минтақаларида 69 киши ҳалок бўлди, деди Ислом Республикаси Фавқулодда вазиятлар ташкилоти раҳбари ўринбосари Нежад Жаҳоний. Унинг қўшимча қилишича, ҳалок бўлганларнинг олти нафари Ироқ фуқаролари. «Яна 45 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида», — дейди Жаҳоний.
Тошқинлар мамлакат вилоятларининг 2/3 қисмида (жами 31 вилоятдан 24 тасида) кузатилмоқда. Энг кўп жабрланган ҳудудлар орасида Теҳрон ҳам бор.
Табиий офат Бахтиёрия, Исфахон, Язд, Лористон, Мозандарон ва Чеҳармекҳал вилоятларини ҳам қамраб олган. Метеорологлар одамларни тоғларда ва дарё қирғоқларида сайр қилишдан воз кечишга чақирмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).