18 июль куни Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистоннинг Термиз-Пешовар темир йўл алоқасини ўрнатиш бўйича қўшма лойиҳасининг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланди. Бу ҳақда «Дунё» нашри Покистон Ташқи ишлар давлат вазири, Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Содиқ Хонга таяниб хабар берди.
Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар Трансафғон темир йўли лойиҳасининг тахминий қиймати қарийб 5 миллиард долларни ташкил этади. 573 километрлик темир йўл Марказий Осиё мамлакатларига Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш имкониятини беради, бу эса минтақавий алоқа ва савдонинг ривожланишига ҳисса қўшади.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш ҳозиргидек 35 эмас, балки 3-5 кун давом этиши кутилмоқда, битта стандарт юк контейнерини ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин. Шу билан бирга, прогнозларга кўра, ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етади.