Толиблар Ташқи ишлар вазири ўринбосари аёлларни давлат органларига киритишни таклиф қилди

Шер Муҳаммад-Аббос Станикзай. TOLOnews сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад-Аббос Станикзайнинг айтишича, афғон аёллари ҳукумат идораларига киритилиши керак. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

7 июль куни Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасининг очилиш маросимида сўзга чиққан Станикзай аёллар Афғонистон аҳолисининг ярмини ташкил этишини ва уларни «эътиборсиз қолдириб бўлмайди» деди. «Улар ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат ва мамлакатни қайта қуришда иштирок этиши керак», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.

«Мамлакатни барпо этишда эркаклар ва аёлларнинг роли бор. Нафақат эркаклар ишлаши керак, балки иш муҳитимизда аёллар ҳам бўлиши керак», — дейди Станикзай.

У Афғонистонда аёллар ҳуқуқларига нисбатан либералроқ муносабатни изчил давом эттираётган радикал ҳаракат раҳбариятидаги фаол тарафдорлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, толибларнинг аксарияти аёллар ҳукуматда ҳеч қандай рол ўйнамаслиги керак, деб ҳисоблайди.

Май ойи охирида Станикзай радикал ҳаракат раҳбариятини аёллар ҳуқуқларини таъминлашга чақирган ва «Толибон» ҳукумати мамлакатда «қизларнинг хавфсиз таълим олишини таъминлаш»га масъул эканини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача ўз ҳукмронлигининг биринчи давридагидан кўра кўпроқ вазминлик кўрсатишига ишонтирган бўлса-да, аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклай бошладилар.

Ўша даврда қизларнинг мактабга бориши, аёлларнинг ишлаши, ўқиши, спорт билан шуғулланиши, жамоат ишларида иштирок этиши тақиқланган эди. Аёллар учун паранжи ёпиниш мажбурий эди. Афғонистонда оммавий ахборот воситалари йўқ қилинган, телевидение, кино ва бошқа кўплаб кўнгилочар санъат турлари тақиқланганди.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, «Толибон» кўпчилик қизларнинг мактабда ўқишни тақиқлаб қўйди ва аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар масалалари бўйича вазирлик тугатилди. Бунинг ўрнига Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларни олдини олиш вазирлиги тузилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ