4 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Афғонистон Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегация ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИТСВ матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар инвестиция, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини муҳокама қилдилар.
Жумладан, Афғонистон Савдо ва саноат вазирлигидан маълум қилишларича, транзит тўловларини камайтириш, афғон тадбиркорларига визалар бериш, афғон автотранспортчиларининг Ўзбекистондаги юкларини ортиш ва тушириш, божхона иш вақтини ошириш ва божхона сканерларини ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.
Умурзоқов тилга олинган масалалар ечимини кузатиб боришга ваъда берди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича таклифларни биргаликда тайёрлашга келишиб олдилар.
Музокараларда «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» трансафғон темир йўли қурилиши мавзуси муҳокама қилинди. Йиғилишда жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйича дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Умурзоқов Ўзбекистон афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириши ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди.
Tolonews хабарига кўра, Афғонистон делегацияси таркибига 50 дан ортиқ тадбиркорлар киритилган. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги импорт ва экспорт божлари яхши савдога йўл очилиши учун туширилиши керак. Афғонистон Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик палатаси (ACAL) Кобул ўз экспортини Ўзбекистон орқали Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига жўнатиши мумкинлигини айтди.
«Ҳозирги вазиятда бу инвестицияларни рағбатлантиради. Бу ташриф хусусий сектор ва Афғонистон халқи учун ижобий ютуқлар келтиради», — деди ACAL вакили Мирвайс Ҳожизода (Mirwais Hajizada).
Афғонистон Савдо-саноат палатасининг маълумотларига кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 500 миллион долларга етган, шундан 20 миллион доллари янги ва қуруқ мева-сабзавотлар, шунингдек, гиламлардир.