2022 йил 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегациялари иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда 1 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.
«Тадбирнинг асосий мақсади Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир», — дейилади хабарда.
Мазкур анжуман 2018-йил 27-март куни ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳамда 2021-йил 15-16 – июль кунлари бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг мантиқий давоми бўлади.
Айни пайтда Ўзбекистон Афғонистондаги муҳтож аҳолига фаол гуманитар ёрдам кўрсатаётганини, жанубий Термиз шаҳри афғонларга халқаро ёрдам етказиш марказига айланганини қўшимча қиламиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистон ҳудудида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда – улар орасида Марказий Осиё ва Жанубий темир йўл тармоқларини боғловчи Трансафғон темир йўли лойиҳаси муҳим ўрин тутади.