Кобулда бўлиб ўтадиган Бутунафғон кенгашига уч минг киши йиғилади

ЛОЯ ЖИРҒА ЎТКАЗИЛАДИГАН ҚОБУЛ ПОЛИТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ ЗАЛИ. FACEBOOK ТАРМОҒИ АРХИФ ФОТОСУРАТИ

Оқсоқоллар ва уламолар кенгашига Афғонистоннинг барча ҳудудларидан уч мингга яқин киши таклиф қилинди. У 29-июн куни Кобул политехника университети ҳудудида жойлашган Лоя Жирға (Умумафғон оқсоқоллар кенгаши) залида бўлиб ўтади. Бу ҳақда TOLOnews телеканали ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Кенгашга ҳар бир қишлоқдан учтадан вакил, асосан дин арбоблари, шунингдек, айрим тадбиркорлар, қабила оқсоқоллари таклиф қилинган, дейилади хабарда. Таъкидланишича, йиғилиш уч кун давом этади ва турли масалаларга бағишланади, уни телевидение орқали эмас, балки радио орқали трансляция қилишга рухсат берилган.

Толиблар ҳукумати вакили Забиулла Мужоҳиднинг айтишича, радикал ҳаракат раҳбарияти диний уламоларнинг кўплаб мурожаатлари бўйича Умумафғон кенгашини ўтказишга қарор қилган.

Таъкидлаш жоиз, Мужоҳид бўлажак тадбирни Лоя Жирға – Бутунафғон оқсоқоллар кенгаши деб атамаган. Афғонистон ва Покистон уламолари толибларни айнан шундай тадбир ўтказишга чақиришган. Лоя Жирға афғон анъаналарига содиқ қолган ҳолда бутун мамлакат ҳаётига тааллуқли асосий масалалар бўйича қарорлар қабул қилиши мумкин.

«Толибон»* радикал ҳаракати ҳукумати режалаштирилган бутун афғон учрашуви тафсилотларини ошкор қилмади, аммо афғон оммавий ахборот воситаларига кўра, бошқа масалалар қаторида 12 ёшдан ошган қизлар учун мактабларни қайта очиш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Ҳозирда ўн икки ёшдан кичик қизларнинг мактабда ўқишига рухсат берилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти, ўз навбатида, бўлажак Бутунафғон кенгаши иштирокчиларини Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишга чақирди.

«Толиблар бу Жирғада инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ва қизлар ҳуқуқлари поймол қилинаётганига қарши чоралар кўришига умид қилиш мумкин. Биз «Толибон» ичида [бу масалаларда] бўлиниш борлигини биламиз», — дейди HRW Аёллар ҳуқуқлари бўлими директори ўринбосари Хизер Барр (Heather Barr).

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ