«Толибон»* радикал ҳаракати назоратидаги Афғонистонга маршал Абдул-Рашид Дўстумнинг иттифоқчиси Низомиддин Қайсарий қайтди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.
Қайсарий собиқ афғон ҳукуматидаги расмийлар, сиёсатчилар ва ҳарбий хизматчиларни қайтариш учун толиблар томонидан тузилган Қайтатиш комиссияси таклифига биноан Эрондан Кобулга учиб келган.
Қайсарий аввалги ҳукумат даврида Қайсар туманида (Фарёб вилояти) полициясига раҳбарлик қилган. У Дўстумнинг минтақа куч тузилмаларидаги вакили ҳам эди. 2018 йил ўрталарида у бир неча ўнлаб тансоқчилари билан бирга маҳаллий маъмурият вакилларига таҳдид қилгани учун ҳибсга олинган. Қайсарийнинг ҳибсга олиниши вилоятда норозиликларга сабаб бўлган, одамлар полиция бошлиғи бу ерда хавфсизликни таъминлаётганини айтиб, уни озод қилишни талаб қилишган.
Норозилик тартибсизликларга айланган. Намойишчилар маҳаллий давлат хавфсизлик департаментига бостириб киришга, уни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қурол ишлатишга ҳаракат қилишганда Дўстум Қайсарийни ҳимоя қилиб, қуролдошини озод қилинтишини талаб қилган. 2018 йил охирида Қайсарий озодликка чиққан. Ўтган йил август ойида Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, Кайсарий Эронга қочиб кетган.
26 июнь куни Кобулга қайтган Қайсарий толиблар барқарор тинчликка эришиш учун мамлакатда коалицион ҳукумат тузиши кераклигини таъкидлади.
«Ислом амирлиги** (Афғонистон) раҳбарларидан барча қабилалар вакилларини ҳукумат таркибига киритишни сўрайман, чунки пуштунлар, ўзбеклар, тожиклар, ҳазоралар, аймаклар, буларнинг барчаси Афғонистон халқидир», — деди Дўстумнинг ҳамкори.
Қўшимча қилиш лозим, «Толибон» ҳаракатининг Қайтатиш комиссияси вакиллари Афғонистонга аввалги америкапараст афғон ҳукуматининг 150 нафар амалдори ва сиёсатчисининг қайтишига эришганликларини таъкидлашди.
Бундан аввал «Фарғона» халқаро агентлиги Афғонистон Мудофаа вазирлигининг собиқ матбуот котиби Давлат Вазирий, Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Идрис Замон, Тинчлик вазири Абдул-Салом Раҳимий, Транспорт вазири Ҳасан-Муборак Азизий, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай маъмурияти раҳбари Фарук Вардакларнинг ватанга қайтганларини хабар қилганди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.