Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент ва БМТ агентликлари томонидан Термиздаги логистика маркази орқали Афғонистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами ҳажмини маълум қилди.
Ўзбекистон Афғонистонга ўтган йилнинг сентябридан жорий йилнинг апрелига қадар тўққиз минг тонна гуманитар юк етказиб берди: кузда беш минг тоннадан кўпроқ (ёрдам жўнатилгани ҳақида декабрь ойи охирида хабар берилганди. – «Фарғона» эслатмаси) ва 30 апрель куни тўрт минг тонна. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, тўқимачилик маҳсулотлари, буғдой ва кўмирдан иборат бўлган.
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД) томонидан Термиздан Афғонистонга мунтазам равишда инсонпарварлик юклари жўнатилади. ЖООД маълумотларига кўра, 2021 йил ноябридан бугунги кунга қадар Термиз орқали Афғонистонга 42 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚБОКБ) Термиздан Афғонистонга 40 тонна асосий зарурий маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партиясини жўнатди. 2022-йил феврал ойида ҚБОКБ Афғонистондан эҳтимолий қочқинлар оқимига тайёргарлик кўриш учун Термиздан Тожикистонга 20 тоннага яқин бирламчи эҳтиёж маҳсулотларидан иборат ёрдам жўнатган.
ТИВ Халқаро миграция ташкилоти, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамда хорижий давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор эканини қайд этди. Шу боис Афғонистон ва бошқа давлатларга инсонпарварлик юкларини тизимли, марказлаштирилган ва мақсадли етказиб бериш мақсадида Сурхондарё вилоятидаги «Термиз юк маркази » (Termez Cargo Centre) логистика терминалига инсонпарварлик ёрдами кўрсатувчи Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди.
«Халқаро хаб барча зарур инфратузилма – Афғонистон билан боғловчи халқаро аэропорт, дарё порти, темир йўл ва автомобил йўллари, шунингдек, Афғонистон чегараси яқинида жойлашган ва энг замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозланган Termez Cargo Centre ягона йирик логистика терминалига эга», — дейилади ТИВ баёнотида.
«Халқаро марказнинг ташкил этилиши жаҳон ҳамжамиятининг афғон масаласидаги манфаатлари ва саъй-ҳаракатларига мос келади. Энг муҳими, бу Афғонистон халқига энг зарур товарларни тезкорлик билан етказиб бериш ва шу орқали афғон халқига гуманитар инқирозни бартараф этишда самарали ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Ўзбекистон бу борада барча халқаро шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр», — дея урғу беради ТИВ.