Афғонистоннинг шарқий қисмида – Хост ва Пактика вилоятларида содир бўлган зилзила камида 255 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна 150 га яқин киши жароҳат олган. Бу ҳақда «Ал Жазира» телеканали Афғонистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Зилзила 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси содир бўлган. Айни дамда Гаян (Пактика) туманидаги камида битта қишлоқ бутунлай вайрон бўлгани маълум. Бармала, Зирук ва Ника туманларидаги аҳоли пунктлари ҳам жабрланган.
Зилзила магнитудаси 6,1 баллга баҳоланмоқда, зилзила маркази Хост шаҳридан 44 км жануби-шарқда, 15 км чуқурликда жойлашган.
Афғонистонда юз берган зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилди. Ўзбекистон Республика Сейсмик башорат мониторинг марказининг хабар беришича, ер силкинишлари кучи Сурхондарё (3 балл), Қашқадарё (2 балл), Самарқанд (2 балл) ва Жиззах (2 балл) вилоятларида сезилган.