Афғонистон ва Ўзбекистон Трансафғон темир йўли йўналишини ўрганиб чиқишга келишиб олди

TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистон ва Ўзбекистон келажакда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё темир йўл тармоқларини боғлаши лозим бўлган Трансафғон темир йўли йўналиши бўйича тадқиқот ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда 22 июнь куни Афғонистон темир йўл бошқармаси (АТЙБ) баёнотига таяниб, TOLOnews телеканали хабар берди.

АТЙБ раҳбари Бахт-Раҳмон Шарафатнинг айтишича, Афғонистон томонига Ўзбекистондан Афғонистонда транспорт лойиҳасини амалга оширишни бошлаш таклифи билан мактуб келган.

«Кеча тунда [Ўзбекистон томонидан] электрон почта хабари олдик. Унда трансафғон [темир йўли] лойиҳасини амалга оширишни бошлашга тайёр эканликлари айтилган», — деди Шарафат.

19 июнь куни «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Мулла Абдул-Ғани Барадар Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили, Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик, жумладАн тнмир йўл қурилиши масалаларини муҳокама қилди.

«Ислом Амирлигининг сиёсати** [Афғонистон] Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик марказига айлантиришдан иборат. Ҳукумат трансафғон лойиҳасини амалга оширишга тўлиқ тайёр», — деди толиблар ҳукуматининг Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул-Латиф Назарий Барадар Комилов билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг.

«Агар Ўзбекистон ва Афғонистон Жанубий Осиёни Марказий Осиё билан боғлайдиган темир йўл қурилиши бўйича келишувга эришса, бу Афғонистон иқтисодиётига фойда келтиради», – деди Афғонистон Саноат ва конлар палатаси раҳбари Саҳи-Аҳмад Пайман.

TOLOnewsнинг аниқлик киритишича, АТЙБ томонидан ишлаб чиқилган режага кўра Трансафғон темир йўли Ўзбекистон темир йўл тармоғига уланган Мозори Шарифдан Саманган, Пули-Хумри, Кобул Логар, Нангархор вилоятлари орқали ўтиб, Покистонга уланади.

*Ташкилот Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизими номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ