Комилов Қобулда толиблар ҳукумати вакиллари билан музокаралар олиб борди

Ўзбекистон делегацияси Қобулда. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили, Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Кобулга ташриф буюриб, Афғонистоннинг амалдаги расмийлари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда 20 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.

19 июн куни бўлиб ўтган ташриф чоғида Афғонистон «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Бош вазир ўринбосарлари, мулла Абдул-Ғани Барадар ва Абдусалом Ҳанафийлар билан алоҳида музокаралар ўтказилди.

Томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, Афғонистон ҳудудида энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган турли инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

«Афғонистон томони Ўзбекистон раҳбариятига мамлакатга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами, шунингдек, миллий иқтисодиётни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди», — дейилади ТИВ хабарида.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Амир Хон Муттаки ва Ички ишлар вазирлиги раҳбари Сиражиддин Ҳаққоний билан ҳам музокаралар ўтказди. Сиёсий соҳада, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, деб таъкидлайди Ўзбекистон ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, бу Комиловнинг ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни толиблар қўлга киритганидан кейин Кобулга иккинчи ташрифидир. Комилов илк бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимида ўтган йил октябрь ойида мамлакатга ташриф буюрган эди. Апрель ойи охирида у Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича ўринбосари этиб тайинланди, июнь ойида эса унга президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилди.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон ҳудудида ҳозирда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган асосий инфратузилма лойиҳаларидан бири бу Трансафғон темир йўли лойиҳаси бўлиб, у Марказий Осиё темир йўл тармоқларини Жанубий Осиё темир йўл тармоқлари билан боғлайди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ