Америка нашри қочқин афғон амалдорларининг хориждаги мулкларини ошкор қилди

Ашраф Ғанининг Қобулдан қочганидан сўнг Абу Дабида яшаган St. Regis Hotel меҳмонхонаси. TOLOnews сайти фотосурати

Ўтган август ойида ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари ҳокимиятни бошқарган сўнгги йилларда ўзлари учун АҚШ, БАА ва Туркияда қимматбаҳо кўчмас мулклар сотиб олганлар. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal нашри хабар беради.

Нашр журналистлари очиқ маълумотлар, интервью ва турли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғанининг даврида юқори лавозимларда ишлаган айрим амалдорлар ўзларига муҳташам саройлари сотиб олганини аниқладилар. Ўтган йил август ойида ҳукуматни «Толибон»* радикал ҳаракати эгаллаганидан сўнг улар Афғонистондан қочиб, ўша сотиб олган саройларида яшай бошлаганлар.

Мисол учун, собиқ Молия вазири Аклил Ҳакими ўз лавозимида бўлганида Калифорнияда қиймати 10 миллион доллардан ортиқ бўлган 10 та кўчмас мулк сотиб олган, улар рафиқасига тегишли компанияга ўтказилган. Унинг ўрнига келган Холид Пайенда Вашингтон яқинида қиймати 1 миллион доллардан ортиқ бўлган иккита уйга эгалик қилган.

Флоридада америкалик хотини номига сотиб олинган қасрда Ғанининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб ҳозирда яшамоқда.

Собиқ Иқтисодиёт вазири Мустафо Мастурнинг узоқ вақтдан бери Дубай ва Истанбулда квартиралари бор. Маршал ва афғон ўзбеклари жамияти етакчиси Абдул-Рашид Дўстумнинг қароргоҳи Анқарада, Балх вилоятининг собиқ губернатори ва Афғонистондаги тожиклар жамияти етакчиларидан бири Атта Муҳаммад Нурнинг қароргоҳи Дубайда жойлашган.

Ашраф Ғанининг ўзи Афғонистондан қочиб, дастлаб Абу-Дабидаги St. Regis Hotel меҳмонхонаси ҳашаматли номерида яшай бошлади. Кейинчалик маҳаллий ҳокимият унга шахсий вилла ажратди.

Аввалроқ АҚШ расмийлари Ғани ўзи билан 1 миллион доллардан кўп бўлмаган маблағни олиб, Кобулдан қочиб кетганини маълум қилганди. Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси эса Ғанини олиб кетган вертолётга 169 миллион доллар юкланганини хабар қилганди. Аммо бу хабарнинг ҳужжатли тасдиғи ҳеч қачон тақдим этилмаган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ