Қобул аэропортида самолётга илашиб олган афғонлар билан парвозга кўтарилган учувчилар жазоланмайдиган бўлди

Қобулдан ҳавога кўтарилган АҚШ ҲҲК самолётидан қулаб тушаётган одам, 2021 йил август. Ижтимоий тормоқ видеосидан кадр

Ўтган йил август ойида Қобулнинг Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортида Американинг C-17 ҳарбий-транспорт самолёти учувчилари учиш-қўниш йўлагида одамлар бўлгани ва уларнинг бир қисми самолётга осилиб олганига қарамай парвозни давом эттириб, тўғри иш қилишган. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) тергов якунланганидан сўнг маълум қилди, деб Politico нашри.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 15 августида «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари Кобулни жангсиз қўлга киритгач, минглаб Афғонистон фуқаролари ваҳима ичида мамлакатни самолётда тарк этиш учун пойтахт халқаро аэропортига йўл олган эдилар. Бироқ, бу пайт барча фуқаролик рейслари бекор қилинганди.

16 август куни чет эллик ҳарбийлар, асосан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари аскарлари хориж фуқаролари ва афғонларни олиб чиқа бошладилар. Самолёт салонига кира олмаган афғонлар учиш-қўниш йўлагига югуриб чиқиб, самолётнинг учишини тўсиб қўйишга ёки уларга илашиб олишга ҳаракат қилишган. Натижада бир неча одам C-17 самолёти сиртига илашиб олишга муваффақ бўлган ва самолёт ҳавога кўтарилгач, баландликдан қулаб ҳалок бўлишган.

Кейинчалик хорижлик ҳарбийлар аэропортни тўлиқ назоратга олишга муваффақ бўлишди ва улар самолётга чиқишга рухсати бўлмаган афғонларнинг учиш-қўниш йўлагига киришини тўсиб қўйишган.

Ижтимоий тармоқларда ҳавога кўтарилаётган АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий-транспорт самолётидан қулаётган одамларга доир даҳшатли кадрлар тарқалди.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу воқеани ўрганишни махсус тергов бошқармасига топширди.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Анн Стефанек (Ann Stefanek) нинг терговга доир сўзларига кўра, «[C-17] экипажи имкон қадар тезроқ ҳавога кўтарилиш учун тўғри қарор қабул қилган ва соғлом фикр юритган». Улар бу қарорни Афғонистонда «мисли кўрилмаган ва яшин тезлигида ёмонлашаётган хавфсизлик вазиятига дуч келган ҳолда» қабул қилишган.

«Учувчиларнинг учиш маҳорати ва ақл-заковати экипаж ва самолёт хавфсизлигини таъминлаб қолган», — дейди Стефанек.

Унинг сўзларига кўра, тергов давомида экипаж «қуролли тўқнашувлар учун хос бўлган амалдаги қоидаларига риоя қилган», деган хулосага келган.

C-17 учиш пайтида қанча одам ҳалок бўлгани ҳозирча номаълум. Афғонистонликлар катта баландликдан қулаган ва ҳалокатга учраган камида икки киши – 24 ёшли стоматолог Фида Муҳаммад (Fida Mohammad) ва Сафиуллоҳ Хотак (Safiullah Hotak) исмли яна бир йигитнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлганлар. Камида яна бир киши учиш-қўниш йўлагида самолёт ғилдираклари остида эзилиб ҳалок бўлган. Бундан ташқари, C-17 Қатарга қўнгандан сўнг, унинг қўниш мосламаси шахтасидан эзилган одамнинг қолдиқлари топилган.

Таъкидлаш жоиз, чет эл фуқаролари ва хорижликлар билан алоқада бўлган афғонларни Кобулдан эвакуация қилиш 16-31 август кунлари Америка, Британия ва бошқа хорижий ҳарбийлар томонидан ўша вақтга қадар Афғонистон пойтахтини тўлиқ назоратга олган ва аэропортни ўраб олган «Толибон» ҳаракати билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Натижада хорижий армия бўлинмалари ҳарбий транспорт авиацияси ёрдамида 123 минг нафар хорижлик ва афғонларни Қобулдан эвакуация қилишга эришилди.

Шунга қарамасдан, Афғонистонда чет элликлар билан алоқа қилган ўн минглаб одамлар мамлакатда қолиб кетган. Уларнинг оз қисми 31 августдан кейин фуқаролик самолётлари билан эвакуация қилинган. Толибларнинг ўзлари собиқ афғон ҳукумати расмийлари ва хавфсизлик кучлари ҳарбийларига амнистия бериш ваъдасига қарамай, уларга қарши мунтазам равишда репрессия уюштириб келмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ