Толиблар асли ўзбекистонлик бўлган «ИШИД-Хуросон» гуруҳи қўмондонларидан бирининг йўқ қилинганини маълум қилди

Фото с сайта Khaama Press

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари «ИШИД-Хуросон» террорчилик гуруҳини, жумладан унинг асли ўзбекистонлик қўмондонини ҳам йўқ қилишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид баёнотига таяниб, Khaama Press хабар берди.

«ИШИД-Хуросон» гуруҳини йўқ қилиш операцияси 11 июнь куни шимолий Тахар вилоятининг маъмурий маркази Талукан шаҳрида бўлиб ўтган. Аввалроқ толиблар разведкаси Талукан шаҳрига бир гуруҳ террорчилар келиб, шаҳарда теракт уюштиришни режалаштирганини аниқлаган.

«Хорижий фуқаролардан бири Талукан марказида қўлга олинди ва ундан шерикларининг қаерда эканлиги ҳақида маълумот олинди», дейди «Спутник-Тожикистон» нашри манбаси.

Сўроқ пайтида қўлга олинган шахс Калфағани кўчасидаги Шарқий лойиҳа ҳудудида қуроллар билан қуролланган яна 14 нафар террорчи яширинганини айтган. Улар толиблар базасига ҳужум қилишни режалаштиришган.

«Уларнинг турган жойи аниқлангач, Тахор гарнизони ва Талукан шаҳридаги «Толибон» хавфсизлик кучлари ИШИД жангарилари бошпана топган уйни қуршаб олган ва ҳужум қилган», — дея қўшимча қилади манба.

Тўқнашув тахминан уч соат давом этган. Натижада саккиз нафар террорчи йўқ қилинган, яна уч нафар жангари қўлга олинган, икки нафари эса қочишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, тасодифан отишмада 6 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

«Толибон» жангарилари орасида қурбонлар йўқ.

«Қўлга олинганлардан маълум бўлишича, ушбу гуруҳ қўмондони Ўзбекистон фуқароси Юнус Ўзбекистони бўлиб, у ҳалок бўлганлардан бири бўлган»,дея тушунтиради хабарчи.

Таъкидлаш жоиз, баҳор ўрталаридан бошлаб «ИШИД-Хуросон» ташкилоти Афғонистонда ўз фаолиятини кучайтирди. Террорчилар Кобул ва шимолий вилоятларда ҳужум уюштирмоқда. Улар асосан толиблар, шиа-ҳазоралари, шунингдек, шиа ва сунний диний муассасаларига қарши терактлар уюштиришмоқда.

25 май куни «ИШИД-Хуросон» аъзолари Балх вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош маъмурий маркази Мозори Шариф шаҳрида учта портлаш уюштирган. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган.

21 апрель куни террорчилар Мозори Шарифдаги шиалар масжидига ҳужум қилган. Маҳаллий манбалар 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва 90 га яқин яраланганини маълум қилган, «Толибон» ҳаракати расмийлари эса қурбонлар сони камроқ эканини маълум қилган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қрнунчилиги тадаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ