Толиблар Афғонистонда ТАПҲ ишга туширилишининг янги санасини эълон қилдилар

TOLOnews сайти фотосурати

Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурининг Афғонистон қисми қурилиши тўрт ой ичида қайта жонланади. Бу ҳақда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Тоғ-кон ва нефт вазирлиги маълум қилди, деб хабар берди TOLOnews телеканали.

Вазирлик матбуот котиби Эсматулла Бурҳоннинг (Esmatullah Burhan) сўзларига кўра, шу пайтгача ТАПҲнинг Афғонистондаги қисми қурилиши бошланишига ернинг тўлиқ сотиб олинмагани тўсқинлик қилиб келган.

«Ушбу процедура [қувур йўналиши бўйлаб ерни сотиб олиш] билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Тахминан 15% [сотиб олинмаган ерлар] қолди — бу техник жараён, яқин келажакда ҳал қилинади», — деди Бурҳон.

Толибларнинг бу баёноти Туркманистондан TAPI Pipeline Company Ltd консорциуми ижрочи директори Муҳаммадмурод Аманов бошчилигидаги делегация Кобулга ташриф буюрганидан сўнг маълум қилинди. Музокаралар чоғида ТАПҲ газ қувури лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилаётган ўтиш йўли бўйлаб ер участкаларини солиққа тортиш ва ажратиш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Аманов «Афғонистонда тўлиқ хавфсизлик ва мавжуд молиявий ресурслар»ни ҳисобга олган ҳолда лойиҳа бўйича дастлабки ишларни бошлаш имкониятини маълум қилди.

ТАПҲ Туркманистон расмийлари учун стратегик муҳим лойиҳа ҳисобланади. 2010 йили Ашхободда лойиҳада иштирок этувчи давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган ва унинг якунида газ қувури бўйича доиравий битим ва ТАПҲни амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. Газ қувури Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликдаги Марям вилоятидаги Туркманистон Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот, Фараҳ, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари орқали Покистон ва Ҳиндистонга ўтиши керак. ТАПҲ қувури орқали йилига 33 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган.

2018 йили Афғонистон участкасининг қурилиши тантанали равишда бошланган, бироқ Афғонистон ҳукумат кучлари қурилиш хавфсизлигини таъминлай олмагани учун у музлатиб қўйилганди.

Афғонистонда ҳокимият «Толибон» ҳаракати томонидан қўлга киритилгач, Туркманистон расмийлари у билан фаол алоқалар ўрната бошлади. Ашхобод ва толиблар ўртасидаги музокараларнинг асосий жиҳатларидан бири ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмини қуриш масаласи бўлди. Туркманистон дипломатлари ва турли даражадаги расмийлар толиблар ҳукумати раҳбарияти билан бир неча бор учрашиб, газ қувури қурилишини бошлаш бўйича келишиб олган.

Январь ойида томонлар Афғонистонда газ қувурини ётқизишни март ойида қайта бошлашга келишиб олдилар. Бироқ, бу содир бўлмади. Туркман томони ҳам, толиблар ҳам бунинг сабабларини айтмадилар. Бироқ, икки томон вақти-вақти билан ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмини барибир қуриш ниятида эканини таъкидлаб келди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ