Покистоннинг Афғонистондаги элчиси ТАПҲ қурилишида хавфсизлик масалалари бартараф этилганини таъкидлади

Покистоннинг Афғонистондаги элчиси Мансур Аҳмад Хон. TOLOnews сайти фотосурати

Покистоннинг Афғонистондаги элчиси Мансур Аҳмад Хоннинг (Mansour Ahmad Khan) айтишича, Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонга (ТАПҲ) газ қувури линияси лойиҳасида иштирок этаётган давлатлар лойиҳанинг олдинга силжишини хоҳлайди. Унинг сўзларига кўра, газ қувурини ётқизишда хавфсизлик масалалари бартараф этилган ва лойиҳани якунлаш вақти келди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Шу билан бирга, Покистон элчиси «банк операцияларининг йўқлиги»ни ТАПҲ учун асосий муаммолардан бири эканини таъкидлади.

Гап шундаки, жорий йилнинг март ойида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) газ қувури лойиҳасидаги иштирокини тўхтатди, чунки Афғонистон ҳукумати ўтган йил августидан бери дунёнинг бирор давлати томонидан тан олинмаган «Толибон»* радикал ҳаракати қўлида эди. Банк ТАПҲнинг воситачиси ва координатори вазифасини бажарган.

«ТАПҲ лойиҳасида иштирок этаётган барча давлатлар лойиҳанинг имкон қадар тезроқ олдинга силжишини истайди, чунки бу Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга энергия етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга. Ўтмишда [ТАПҲ учун] асосий ташвишлардан бири хавфсизлик эди. Ҳозирги шароитдаги муаммолардан бири банк операцияларининг йўқлигидир», — деди дипломат.

Январь ойида толиблар ҳукумати ТАПҲнинг афғон қисмини ётқизиш шу йилнинг март ойида бошланишини эълон қилганди. Бироқ, бу ҳалигача содир бўлмади.

«Толибон» ҳукуматининг Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Латиф Назарийнинг (Abdul Latif Nazari) тушунтиришича, ТАПҲ қурилиши «техник муаммолар туфайли» белгиланган муддатда бошланмаган.

«ТАПҲ лойиҳаси учун ўзига хос сиёсий тўсиқлар йўқ, бироқ баъзи техник муаммолар бор, улар яқин келажакда ҳал қилинади», — деди Назари.

ТАПҲ Туркманистон расмийлари учун стратегик муҳим лойиҳадир. Газ қувури Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонгача чўзилиши керак (у ўз номини лойиҳада иштирок этувчи мамлакатлар номидаги биринчи ҳарфлардан олган).

2010 йили Ашхободда лойиҳада иштирок этувчи давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган ва унинг якунида газ қувури бўйича доиравий битим ва ТАПҲни амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. Газ қувурининг қурилиши 2015 йили тантанали равишда бошланганди. У Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликда жойлашган Марям вилоятидаги Туркман Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот, Фараҳ, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари орқали Покистон ва Ҳиндистонга ўтиши керак. ТАПҲ қувури йилига 33 миллиард куб метр газ етказиб бериш салоҳиятига эга.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ