27 май куни Душанбеда бўлиб ўтган маслаҳатлашувлардан сўнг саккизта давлат Хавфсизлик кенгашлари котиблари ва миллий хавфсизлик маслаҳатчилари «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматини мамлакатда коалициявий (инклюзив) сиёсий тизим яратишга чақирди. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.
Тадбирда Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
Делегациялар раҳбарлари Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тамойилини яна бир бор тасдиқладилар ва мустаҳкам тинчлик ва тотувликни ўрнатиш механизмлари «афғонистонликларнинг ўзлари томонидан, афғонлар раҳбарлигида ва улар томонидан назорат қилиниши» тамойилида ишлаб чиқилиши лозимлигига урғу бердилар.
«Айни вақтда барча томонлар Афғонистонни кенг ва инклюзив сиёсий тузилма ўрнатишга, барқарор ва мўтадил ички ва ташқи сиёсат олиб боришга, барча давлатлар, айниқса минтақа давлатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга чақириши керак», — дейилади маслаҳатлашув якунлари бўйича баёнотда.
Ҳужжатда, шунингдек, «тегишли афғон томонлари» Афғонистон ҳудудидаги барча турдаги террорчилик ташкилотларини йўқ қилиши кераклиги таъкидланган. Делегатлар мурожаатининг аниқ манзили кўрсатилмаган, аммо 2021 йил август ойи ўрталаридан бошлаб Афғонистон тўлиқ «Толибон» томонидан назоратга олинган.
«Делегация раҳбарлари Афғонистоннинг тегишли томонларини барча турдаги террористик гуруҳларни йўқ қилиш, барча террорчилик ташкилотларининг ҳаракатини тўхтатиш, уларнинг Афғонистондаги ва минтақадаги ўқув лагерларини йўқ қилиш, Афғонистон терроризмнинг урчиш майдони, хавфсиз бошпанаси ёки тарқалиш манбаига хизмат қилмаслиги учун янада реалроқ чоралар кўришга чақиради», — дейилади қўшма баёнотда.
Унда, шунингдек, томонлар «минтақа тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилик гуруҳлари келтириб чиқарадиган таҳдидларга қарши курашда Афғонистон салоҳиятини кучайтиришга келишиб олгани» таъкидланади. Афғонистонда террорчилик ҳаракатлари тарқалишининг олдини олиш бўйича эълон қилинган жараёндаги «Толибон» мақоми маслаҳатлашув делегатлари томонидан аниқланмаган.
Тадбир давомида сўзга чиққан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Афғонистонда «Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)»*, Ал-Қоида* ва «Вилояти Хуросон»* (ИШИДнинг афғон бўлими) бўлимлари фаолият кўрсатаётганини маълум қилди.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).