Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистон Мозори Шарифидаги аэропортни қайта тиклаш ишларини якунламоқда. Бу ҳақда 17 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов «Валдай» халқаро мунозара клубининг II Марказий Осиё конференциясида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб хабар беради ТАCC.
«Мутахассисларимиз Мозори Шарифдаги аэропортни тиклаш ишларини якунламоқда», — деди у.
Қурбонов Тошкент Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий кўприк сифатида Афғонистонни қайта тиклаш учун катта ишларни амалга ошираётганини таъкидлади.
«Афғонистон импортнинг 30 фоиздан ортиғини Ўзбекистоннинг Термиздаги транспорт-логистика хаби орқали олади. Ўзбекистондан Кобулга электр энергияси етказиб берилмоқда», — деди у.
Ноябрь ойида «Фарғона» ахборот агентлиги Ўзбекистон Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилишда ёрдам бериш учун 30 нафар техник гуруҳ жўнатиши ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, ушбу аэропортнинг 83 нафар техник ходимлари малака ошириш учун Ўзбекистонга юборилди.
Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилиш, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво алоқаларини қайта тиклаш масалалари томонлар ўтган йилнинг октябрь ойи бошида Кобулдаги учрашувда муҳокама қилган эди. Сўнгра маслаҳатлашувларда Афғонистонда ҳокимиятни амалда назорат қилаётган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Амир Хон Мўттаки ва Ўзбекистон элчиси Ядгархўжа Шодмонов иштирок этди.
Мозори Шариф Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар бўлиб, у Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).