Афғон матбуоти Тожикистон билан чегарада отишма бўлгани ҳақида хабар берди

Чегарадаги толиблар. Afintl.com сайти фотосурати

15-майга ўтар кечаси Шерхон-Бандар туманидаги тожик-афғон чегарасида «Толибон»* жангарилари ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди. Бу ҳақда афғон матбуоти хабар беради.

Afghanistan International TV нинг маҳаллий манбаларига кўра, тўқнашув «Толибон» кучлари ва тожик чегарачилари ўртасидаги оғзаки жанжалдан кейин содир бўлган. Таъкидланишича, толиблар биринчи бўлиб ўт очган, бунга жавобан тожик аскарлари қўшни ҳудуддаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилган.

Отишмалар тахминан тўрт соат давом этган ва томонлар ўртасидаги музокаралардан сўнг якунига этган. Тўқнашув пайтида қурбонлар бўлгани тўғрисида маълумотлар келтирилмаган.

«Толибон» расмийлари ҳам, Тожикистон расмийлари ҳам воқеа юзасидан изоҳ беришмаган. Бироқ, Afghanistan International манбаларига кўра, воқеадан сўнг толиблар ШерХон Бандарга қўшимча аскар юборишган.

Бу толибларнинг 2021 йил ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг тожик чегарачилари билан биринчи очиқ қуролли тўқнашувидир. Бу вақт ичида «Толибон» жангарилари Покистон ва Эрон чегарачилари билан бир неча бор тўқнаш келишганди.

7 май куни Афғонистоннинг Тохар вилоятидан Тожикистон ҳудуди ўққа тутилган, шундан сўнг Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари бўлинмалари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қўшни ҳудудда «Толибон» ва «ИШИД» * жангарилари ўртасида жанг бўлиб ўтгани, унда «тасодифан» снарядлар Тожикистонга учиб ўтгани ҳақида хабар берди. Бироқ, ИШИД бу ишларни ўз зиммасига олди ва Тожикистон ҳудуди бўйлаб 7 та ракета учирганини маълум қилди.

Воқеадан сўнг Тожикистон ҳукумати Қуйи Панж («Шерхон-Бандар») назорат-ўтказиш пунктини вақтинча ёпиб қўйгани маълум бўлди.

Худди шу номдаги чегара пункти шимолий Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида жойлашган ва Тожикистон Республикаси Хатлон вилоятининг Панж тумани билан чегарадош ҳисобланади. Бу ерда Эрон, Покистон ва Афғонистонни Марказий Осиё давлатлари билан боғловчи муҳим трансчегаравий магистралнинг бир қисми бўлган Панж дарёси орқали ўтадиган энг катта кўприк қурилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ