Хитойда бўлиб ўтадиган 2022 йилги Осиё ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди

escorenews.com сайти фотосурати

2022 йил сентябрь-октябр ойларида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида (шарқий Чжесзян провинцияси) ўтказилиши керак бўлган XIX ёзги Осиё ўйинлари, шунингдек, IV Параосиё ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) матбуот хизматига таяниб News18.com хабар беради.

Тадбирнинг қолдирилиш сабаби аниқланмаган, янги саналар кейинроқ эълон қилинади. Таъкидланишича, ООК аввалроқ 2022 йил декабрига кўчирилган «Шантоу–2021» III Осиё ўсмирлар ўйинларини бекор қилишга қарор қилган. Шу тариқа, навбатдаги ўсмирлар Осиё ўйинлари 2025 йили Тошкентда бўлиб ўтади.

Спорт эксперти Алишер Никимбаевнинг фикрича, келаси йил ёзида Хитой шаҳарларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2023 йилги Осиё Кубоги ҳам хавф остида.

Ханчжоу 1990 йилдаги Пекин ва 2010 йилдаги Гуанчжоудан кейин Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган Хитойнинг учинчи шаҳри бўлиши керак эди. Яқинда шаҳарда Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказиладиган 56 та мусобақа майдончаси қурилиши якунланди. Ўйинларда Осиёнинг 45 мамлакати спортчилари, шунингдек, Океания давлатлари, жумладан Австралия ва Янги Зеландия вакиллари иштирок этиши режалаштирилган эди, кейинроқ бу икки давлат пандемия сабабли ўз спортчиларини Хитойга юборишдан бош тортди.

Хитойдаги халқаро мусобақалар COVID-19 пандемияси бошланганидан бери бекор қилинган. Истисно тариқасида Пекинда 2022 йилги Қишки Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди, у энг қаттиқ чекловлар остида — спортчилар, ходимлар, кўнгиллилар ва журналистларни ҳар куни синовдан ўтказиш билан «Олимпия пуфаги» деб аталадиган жойда ўтказилди. Хитой ҳукумати вақти-вақти билан инфекция тарқаладиган бутун мамлакат бўйлаб COVID-19 «нол» сиёсатига амал қилишда давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ