АҚШ Афғонистонда 7 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга ҳарбий техникаларни қолдирган

Собиқ афғон ХҲКга қарашли американинг MD-530F вертолётлари. Aamaj News сайти фотосурати

2021 йил август ойида Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилгач, Қўшма Штатлар мамлакатда қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган ҳарбий техникаларни қолдирган, дея хабар беради CNN АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳисоботига таяниб.

Ҳисоботда айтилишича, 2005-2021 йиллари Қўшма Штатлар Афғонистон ҳукуматига 18,6 миллиард долларлик ҳарбий техника ўтказган. 2021 йил августида Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин 7,12 миллиард долларлик техника мамлакатда қолган. У Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракати қўлига ўтди, дея хабар беради CNN.

Телеканал маълумотларига кўра, Афғонистонда Америка самолётлари, ҳарбий машиналари, қурол-яроғлари, ўқ-дорилари, алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлари қолган. Аксарият қуроллар уларнинг ишлаши учун доимий техник хизмат кўрсатишни талаб қилади.

Ҳисоботда айтилишича, АҚШ ҳарбий раҳбарияти ташлаб қўйилган мулкни олиб кетиш ёки йўқ қилиш учун Афғонистонга қайтиш ниятида эмас.

2021 йил 14 апрелда АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни тўхтатиш қарорини эълон қилди, бу Америка тарихидаги энг узоқ чет эл ҳарбий кампаниясига айланганди. Қўшма Штатлар бу урушни 2001 йил октябрь ойида 11 сентябрь хуружларидан кейин бошлаган эди. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йилнинг май ойида бошланган ва 31 августда якунланди. 2010-2013 йилларда амалиёт чўққисида Афғонистондаги Ғарб кучларининг сони 150 минг кишидан ошди. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йили Афғонистондан олиб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойи ўрталарида шаҳарлар толиблар назоратига ўтган пайтда Мозори Шариф ва Кобулдан Ўзбекистон ва Тожикистонга ўнлаб самолёт ва вертолётлар афғон ҳарбийлари томонидан ўғирлаб кетилган эди. АҚШ мудофаа вазирлиги вакилларига кўра, мазкур ҳарбий техникалар Афғонистонга қайтарилмайди. У қаерда ва қандай ишлатилишига Пентагон аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Тожикистон ҳукумати ҳам ўғирланган Афғонистон ҳарбий самолётларига доир бирор марта расмий изоҳ бермади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ