Толиблар хизматга яроқли олтмишта ҳарбий вертолёт ва самолётлари борлигини маълум қилдилар

Афғонистондаги Cheetal вертолёти. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳозирда 60 та хизматга яроқли ҳарбий вертолёт ва самолётларга эга эканини маълум қилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Толиблар Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Энаятуллоҳ Хаваразмийнинг (Enayatullah Khawarazmi) сўзларига кўра, радикаллар, жумладан, Ҳиндистон томонидан собиқ Афғонистон ҳукумати ҳарбий-ҳаво кучларига берилган Cheetal вертолётларини таъмирлашга муваффақ бўлган.

«Бизда 60 та [созланган] авиатехника мавжуд. Уларни [бизнинг] муҳандисларимиз ва техник хизмат кўрсатувчи гуруҳимиз таъмирлади», — деди Хаваразмий.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистондаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятга қарамай, «Толибон» ҳаракати 150 минг кишилик армия яратиш ва ҳарбий авиацияни ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда, зеро толиблар 20 йил давомида ҳукумат ва ҳориж қўшинларига қарши партизанлар урушини олиб борганларида бундай имкониятга эга бўлмаганлар.

Ўз даврида Афғонистон собиқ ҳукуматининг ҳаво кучлари қуруқликдаги қўшинлар қатори толиблар ва бошқа террорчи гуруҳларни жиловлашда муҳим рол ўйнаган.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, юзлаб ҳарбий учувчилар ўнлаб ҳарбий вертолёт ва самолётларни ўғирлаб, мамлакатни тарк этишди. Собиқ Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларида 164 та ҳарбий самолёт ва вертолёт бўлган, ҳозир эса Афғонистонда атиги 81 таси қолган – уларнинг баъзилари ўтган йилнинг август ойида мамлакатни тарк этгунга қадар хорижий қўшинлар томонидан яроқсиз ҳолатига келтирилган эди.

Февраль ойи бошида радикал ҳаракат вакиллари бундан олдин қочиб кетган беш нафар ҳарбий учувчи Афғонистонга қайтганини эълон қилган эди. Радикаллар баёнотига кўра, собиқ ҳукуматнинг ўндан ортиқ ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари хориждан ўз юртига қайтган.

* «Толибон» ташкилоти РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган (Россия қонунчилиги талабига бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ