Афғонистондаги университетларда эркак ва қиз талабалар ҳафтанинг турли кунларида ўқишга қатнайдилар. Университетлардаги таълим инсон жинсига қараб айри кунларда бўлинишига доир қарор ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракати томонидан тузилган мамлакат Олий таълим вазирлиги томонидан қабул қилинди , дея хабар беради Ariana News телеканали.
Олий ўқув юртларига юборилган вазирлик буйруғига биноан, қизлар душанба, чоршанба ва шанба кунлари, ўғил болалар эса сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари дарсларга қатнайдилар.
Кобул университети раҳбарияти ушбу директивани олганликларини тасдиқладилар ва шу асосда талаба қизларга ўқишларини тўлиқ давом эттиришлари учун махсус режа ишлаб чиқдилар.
2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар қизлар ва ўғил болаларнинг алоҳида таълим олиши учун шароит яратиш зарурлигини баҳона қилиб, барча давлат университетлари фаолиятини тўхтатди. Худди шу сабабга кўра, «Толибон» қизларнинг мактабларга боришини тақиқлаган. Хусусий университетлар ишлашда давом этдилар, аммо улардаги аудитория радикалларнинг илтимосига биноан парда орқали аёллар ва эркаклар қисмига бўлинди.
Давлат университетларида дарслар фақат бир ой олдин тикланди. Толиблар ҳукумати март ойида қизларнинг мактабга боришига рухсат беришини ваъда қилди, бироқ ваъдада турмадилар ва фақат бошланғич синф ўқувчи қизларининг (6-синфгача) ўрта мактабда ўқишига рухсат берилди.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) Афғонистонда ўрта ва юқори синф ўқувчи қизлари учун мактабларнинг ёпилиши давом этаётганидан хавотир билдирди. 23 апрель куни Кобулга ташриф буюрган ЮНИСEФнинг Глобал қўллаб-қувватлаш ва коммуникациялар бўйича директори Палома Эскудеро «таълим сиёсат қўлида гаров бўлмаслиги керак», деди. Ташкилот 200 минг афғон ўқитувчисига ойлик тўлайди ва қизлар учун 35 миллионта дарсликларни тақдим этган, дейди у. Эскудеро халқаро ҳамжамият ва донорларни Афғонистондаги қизларнинг таълим олишига ёрдам беришда давом этишга чақирди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).