21 апрель куни Афғонистоннинг Балх вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Мозори Шариф шаҳридаги шиа масжидида намоз пайтида портлаш содир бўлди. Aamaj News хабарига кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, 50 киши яраланган.
Маҳаллий шифокорлар маълумотларига таянган TOLOnews телеканали хабарига кўра, Мозори Шарифдаги портлашда 65 киши жабрланган.
Бундан ташқари, Қундуз шаҳрида (шимолий вилоятнинг шу номдаги маъмурий маркази) гуманитар ёрдам олиш учун йиғилганлар орасида бомба ўрнатилган автомобиль портлатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, 30 га яқин киши ҳалок бўлган ва жароҳатланган.
Ижтимоий тармоқларда Мозори Шарифдаги масжидда содир бўлган портлаш жойидан олинган илк видеолавҳалар эълон қилинди.
ویدیوی پسا انفجار مسجد شیعیان در مزارشریف#آماج_نیوز pic.twitter.com/ZGMbJK5mws
— Aamaj News (@aamajnews24) April 21, 2022
Бугун Қобул ва Нангарҳор вилоятида ҳам портлашлар юз берди. Афғонистон пойтахтида ахлат қутисига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилма ишга туширилиши оқибатида икки нафар вояга етмаган бола жароҳатланган. Нангарҳорда «Толибон» * радикал ҳаракати жангариларининг патрули яқин орадан ўтаётганда мина портлаб, тўрт жангари ҳалок бўлган, бир нафари яраланган.
Ҳозирча Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг бирортаси портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Икки кун аввал Қобулнинг шиалар яшайдиган тумандаги таълим муассасалари яқинида портлашлар содир бўлганди. Натижада 10 киши ҳалок бўлди — асосан талабалар. Бу гал ҳам содир этилган ҳужумлар учун жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмади.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).