Жаҳон банки (ЖБ) Афғонистонда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмушини яхшилаш билан боғлиқ учта лойиҳа устида ишларни давом эттиради, бироқ таълим лойиҳалари учун 150 миллион долларга яқин маблағ ҳали ҳам музлатиб турилади. Бу ҳақда Reuters агентлиги банк қароридан хабардор манбаларига таяниб хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан давлат ўрта таълим мактабларида қизларнинг ўқиши тақиқланганидан норози бўлиб, март ойи охирида деярли 600 миллион доллар миқдоридаги тўртта лойиҳани тўхтатиб қўйганди.
23 март куни афғон мактабларида янги ўқув йили бошланди, бироқ дарсларга барча ёшдаги ўғил болалар ва бошланғич синфларда ўқийдиган қизларгина қабул қилинди.
Афғонистондаги лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатар экан, Жаҳон банки унинг фаолияти одамларнинг жинсидан қатъи назар, хизматлардан тенг фойдаланиши учун йўналтирилишини таъкидлади.
Халқаро молия ташкилоти Россиянинг Украинага қарши махсус ҳарбий операцияси натижасида озиқ-овқат ва энергия нархининг ошиши таъсирида қолган, шунингдек Афғонистондаги чуқур иқтисодий инқирозни ҳисобга олиб, умумий қиймати тахминан 450 миллион доллар бўлган учта таълимга оид бўлмаган лойиҳани қўллаб-қувватлашга қарор қилди.
Таъкидлаш жоиз, Жаҳон банки ўтган ҳафта Афғонистон иқтисодиётига доир салбий прогнозни эълон қилиб, 2021 йилнинг сўнгги тўрт ойида АҚШ бошчилигидаги хорижий қўшинлар олиб чиқилиши фонида толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад учдан биридан кўпроққа қисқарганини таъкидлади.
Прогноз шуни кўрсатадики, афғон уй хўжаликларининг қарийб 37 фоизи озиқ-овқат харажатларини қоплаш учун этарли маблағга эга эмас, 33 фоизи эса озиқ-овқат сотиб олишга қодир, лекин ундан кўп эмас.
Бундан ташқари, толиблар аёлларни сўнгги йигирма йил давомида қўлга киритган ҳуқуқларидан маҳрум қилдилар. Радикаллар қизлар ва аёлларнинг спорт билан шуғулланишини тақиқлаган. Қизларнинг еттинчи синфдан кейин давлат мактабига бориши ҳам тақиқланган.
Айни пайтда ОАВ хабарларига кўра, айрим юқори мартабали «Толибон» амалдорларининг қизлари Покистон ва Қатарда ўқиб, у ерларда бемалол футбол ўйнашмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).