Нидерландияда Афғонистон қамоқхонасининг собиқ раҳбари 12 йилга қамалди

Пули-Чархи қамоқхонаси. trtrussian.com сайти фотосурати

Афғонистоннинг Пули-Чархи қамоқхонаси собиқ раҳбари Абдул-Раззак Ориф Нидерландия суди томонидан ҳарбий жиноятлар ва маҳбусларни қийноққа солганликда айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Reuters агентлигининг хабар беришича, ҳукм 14 апрель куни эълон қилинган.

Таъкидланишича, 76 ёшли Ориф ўз ҳимоясини унинг исми Абдул-Рафиф эканлиги ва у улар ўйлаган шахс эмаслиги ҳақидаги даъвога асослаган.

Ориф Нидерландияга 2001 йили келган, кейинроқ бу давлат фуқаролигини олган ва 2019 йилда ҳибсга олинган. Суд ўзини афғонистонлик қочқин Абдул-Рафиф деб кўрсатган айбланувчи 1983 йилдан 1990 йилгача Афғонистонни Совет Иттифоқига хайрихоҳ Халқ Демократик партияси бошқарган даврда Афғонистондаги энг йирик Пули-Чархи қамоқхонаси раҳбари бўлганини аниқлади. Кобулнинг шарқий чеккасида ҳукмрон режим мухолифлари қийноқлар ва бошқа зўравонликларга дучор бўлган. Бу қамоқхонада афғон ҳукуматига қарши бўлганларнинг бир қисми ўлдирилган.

«Ушбу суд жараёни Кобулда бир қатор ҳарбий жиноятлар содир этган одамга тегишли. У қўмондон ва сиёсий бўлим бошлиғи сифатида махбуслар эркинлиги топталган ва уларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинган қамоқхонада ишлаган, деб гумон қиламиз», дейди прокурор Мириам Блом Ориф устидан шу йил февраль ўрталарида бошланган суд жараёнида.

Нидерландия прокуратураси вакилининг тушунтиришича, қироллик полицияси 2012 йили Пули-Чархи собиқ раҳбари Нидерландияда яшаши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар интернетда пайдо бўлганидан кейин тергов бошлаган.

Голландия расмийлари турли мамлакатлардаги 25 гувоҳни сўроқ қилишган ва очиқ манбалардан олинган «саноқсиз» материаллардан фойдаланишган. «Биз керакли одамни топганимизга аминмиз», — дея қўшимча қилади прокурор.

Нидерландиядаги суд жараёни «универсал юрисдикция» ҳуқуқий принципи туфайли амалга ошган бўлиб, бу ҳар бир давлатга одамларни бошқа давлатда содир этилган бўлса ҳам, фавқулодда оғирликдаги жиноятлар, шу жумладан ҳарбий жиноятлар учун суд қилиш имконини беради. Нидерландия аввалроқ ХАД (Афғонистон давлат разведка бошқармаси) ҳарбий разведка хизматининг уч нафар юқори мартабали амалдорини 1980-йилларда Афғонистонда содир этган ҳарбий жиноятларда айблаган эди.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда 2001 йилдан 2021 йилгача америкапараст ҳукумат ҳукмронлиги даврида Пули-Чархи ҳам расмийлар томонидан қамоқхона сифатида фойдаланилган. Унда, хусусан, жангарилар ва «Толибон»* радикал ҳаракати иштирокида гумон қилинганлар бор эди. Маҳбуслар бир неча бор ғалаён кўтаришган. Ўтган август ойида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар Пул-и-Чархидан қамоқхона сифатида фойдаланишда давом этмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ