Афғонистон Марказий банки маошларни олишдаги чекловларни бекор қилди

Афғонистон Марказий банки биноси. Ariana News сайти фотосурати

Афғонистон Марказий банки (МБ) 2021 йил августида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг жорий этилган жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларидан иш ҳақини олишдаги чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда Ariana News телеканали банк матбуот котиби Собир Момандга (Sabir Momand) таянган ҳолда хабар беради.

«Афғонистон Марказий банки банк ва молия секторларини реконструкция қилиш бўйича стратегик режага мувофиқ давлат ва нодавлат хизматчиларининг маошлари бўйича мавжуд чекловларни олиб ташлади», — деди Моманд.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу тоифадаги ишчилар ўз иш ҳақини ҳеч қандай чекловларсиз ечиб олишлари мумкин ва банклар уларнинг сўровига кўра кечиктирмасдан пул маблағларини тақдим этишади.

Ariana News таъкидлашича, Афғонистон марказий банкининг мазкур қарори шу ҳафта бошида толиблар муваққат ҳукуматининг бош вазир ўринбосари Абдул-Ғани Барадарнинг мурожаатидан сўнг қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, толиблар ўтган йил 15 августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгандилар. 29 август куни Афғонистон Марказий банки мамлакатдаги барча банкларга мижозларнинг шахсий ҳисобварақларидан ҳафтасига 20 000 афғоний ёки 200 доллардан сал кўпроқ маблағ ечиб олишга чеклов жорий этишни буюрди. Аммо бу пулни банкларда олиш учун афғонлар бир неча кун навбатга туришга мажбур бўлардилар.

Толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг Афғонистонда нақд пулга чекловлар жорий этилиши ва санкциялар туфайли БМТ ўтган йил октябрь ойида мамлакатга нақд долларларни самолётда олиб кириши ва муҳтожларга тарқатишини эълон қилди. Афғонистоннинг иқтисодиёти ўтган йил август ойидан буён сезиларли даражада ёмонлашган, зеро кўплаб ҳукумат ва халқаро ташкилотлар террорчи ташкилот сифатида тан олинган «Толибон» ҳаракати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ