ОАВ: Толиблар 500 нафар собиқ афғон аскари ва амалдорларини ўлдирган ёки ўғирлаб кетган

Афғон армияси аскарлари. Aamaj News сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, 20 йил давомида АҚШ билан ҳамкорлик қилган 500 га яқин собиқ афғон амалдорлари, ҳарбий хизматчиларини ўлдирган ёки ўғирлаб кетган. Бундай рақамлар The New York Times тадқиқотида келтирилган.

Нашрнинг ёзишича, бу қотиллик ва ўғирликлар толиблар ҳукмронлигининг дастлабки олти ойида содир бўлган.

Газета, жумладан, Бағлон вилоятида 86 та қотиллик содир этилгани, Қандаҳор вилоятида 114 киши бедарак йўқолганига доир далиллар топган. Қайд этилишича, толиблар собиқ афғон ҳукуматининг барча ҳарбийлари ва давлат хизматчиларига нисбатан жорий этилган амнистияни қопқон сифатида фойдаланишган.

«Улар [толиблар] мени полиция бўлимига чақиришди. Мен амнистия туфайли бир неча савол беришса керак, деб ўйладим... Улар мени калтаклашди ва қудуққа улоқтиришди. «Сен кўп йиллар давомида бизга қарши курашиб, қанчадан-қанча яхши инсонларимизни ўлдирибсан», дейишди. Ҳақиқатан, мени ўлдиришларига ишонгандим. Кўпгина сафдошларим ҳам қудуққа ташланди. Бу ваҳшийликлар шу кунгача давом этмоқда», — дейди исмини ошкор этмасликларини сўраган собиқ ҳарбий қўмондон Америка нашрига.

Бироқ, «Толибон» расмийлари собиқ аскар ва амалдорларнинг ўлдирилганини рад этиб, бу айбловлар асоссиз экани, улар рақиблар томонидан «дунёга толибларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш учун» фойдаланилаётганини айтадилар.

The New York Times ёзишича, газета ходимлари маълумотларни текшириш учун турли усуллардан, жумладан, суд-тиббий экспертизаси видеоси, маҳаллий ОАВ хабарлари ва омон қолганлар, гувоҳлар ва қурбонларнинг оила аъзолари билан суҳбатлардан фойдаланган ҳолда етти ой давомида текширув ишлари олиб боришган.

Афғонистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият афғон ҳукумати қулагани ва ўтган йил августида толиблар ҳокимиятга қайтганидан сўнг ёмонлашгани қайд этилмоқда. Минглаб афғонлар жангарилар қатағонидан қўрқиб, мамлакатни тарк этишган. Ижтимоий тармоқларда деярли ҳар ҳафта собиқ ҳукуматга алоқадор ва хориж ҳарбий қўшинлари билан ҳамкорлик қилган одамларнинг толиблар томонидан ўғирлаб кетилгани ёки ўлдирилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ