ОАВ: Қаршилик кучлари Мозори Шариф аэропортидаги толиблар постига ҳужум қилди

Толибларга қарши кучлар жангарилари. Twitter тармоғидаги видеодан кадр

Толибларга қарши гуруҳлардан бирининг жангарилари Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри аэропортида «Толибон»* радикал ҳаракати жангариларининг назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилди. 13 апрель куни Aamaj News ахборот агентлиги аэропорт яқинида исёнчилар ва толиблар ўртасидаги отишма акс этган видеони эълон қилди.

Ҳужумга алоқадор гуруҳ жангчиларига кўра, толиблар талофат кўрган. Радикал ҳаракат вакилларининг ўзлари ҳужум ҳақидаги хабарга ҳозирча изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Мозори Шариф Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар, Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри Мозори Шариф билан темир йўл орқали боғланган. Айнан Мозори Шарифдан жанубга Трансафғон темир йўли қурилиши бошланиши керак – бу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Мозори Шариф аэропорти хорижий қўшинларнинг Афғонистонда бўлган 20 йил давомида энг йирик ва мустаҳкамланган базаларидан бири бўлган, немис контингенти у ерда жойлашган эди.

Сўнгги пайтларда қаршилик кучлари томонидан «Толибон» позицияларига ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Кўпинча улар қишлоқ жойларида содир бўлмоқда. Мозори Шариф аэропортидаги толиблар назорат-ўтказиш пунктига тунги ҳужум қаршилик кучларининг мазкур объектдаги илк ҳужумидир.

Қўшимча қиламиз, 13 апрель куни Aamaj News Кобул вилоятининг Мир-Бача-Кот туманидаги толиблар постига қаршилик кучларининг тунги ҳужуми акс этган видеони эълон қилди. Қаршилик кучлари радикалларнинг йўқотишлари ҳақида хабар беришди, бироқ толиблар ҳозирча нима бўлганига изоҳ беришмади.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда юзларини беркитган қуролланган шахслар Афғонистоннинг марказий ва шимолий қисмларининг турли ҳудудларида толибларга қарши ҳарбий бўлинмалар яратилганини эълон қилаётган видеолар пайдо бўлди.

Толиблар эса Афғонистондаги барқарорликка жиддий таҳдид солинаётганини инкор этишда давом этмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ