Афғонистонда хавфсизлик кучлари энергия компанияларига электр тўловларини йиғишда ёрдам беради

Толиблар ҳукуматининг иқтисодий комиссияси мажлиси. khaama.com сайти фотосурати

Мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати хавфсизлик кучларига миллий энергетика компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS)га электр энергияси қарзларини ундириш жараёнида ёрдам беришни буюрди. Бу ҳақдаги қарор 11 апрель куни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Абдул Ғани Барадар раислигида ҳукумат иқтисодий комиссиясининг йиғилишида қабул қилинди, деб хабар беради Khaama Press.

Энергетика компаниясига кўра, «собиқ ҳукумат даврида ҳам, «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин ҳам кўплаб давлат идоралари ва бой афғонлар электр энергиясидан қарзларини тўламаган, бу эса DABS учун жиддий муаммоларни келтириб чиқарган».

Сўнгги пайтларда Афғонистонда электр қуввати тақчиллиги кузатилмоқда. DABS маълумотларига кўра, мамлакат йилига қарийб 850 МВт электр энергияси истеъмол қилади, шундан 620 МВт Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт қилинади, 230 МВт эса Афғонистонда ишлаб чиқарилади.

2021 йил охирида Тожикистон ва Афғонистон энергетика компаниялари тожик ҳукумати толиблар билан ҳеч қандай мулоқот ўрнатишдан бош тортганига қарамай, 2022 йили Тожикистон электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганини қўшимча қиламиз. DABS ва «Барки тожик» компанияси ўртасидаги келишув 26 декабрь куни Тошкентда имзоланган.

Октябрь ойида Афғонистон электр энергиясини экспорт қилувчи қўшни давлатлар – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга 62 миллион доллар қарзи борлиги маълум бўлган эди.Шундан сўнг DABS қарз яқин вақт ичида тўланишига ишонтирди. Компания Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссиясидан қўшниларга қарзни тўлаш учун 90 миллион доллар ажратишни сўраган. Шунингдек, қарздорлар ва мамлакатдан қочиб кетган собиқ амалдорларнинг мол-мулкини сотиш орқали қарзларни қайтариш режалаштирилган эди. DABS маълумотларига кўра, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан бери электр тўловларини йиғиш 70 фоизга камайган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ