Афғонистон Дин уламолари ассамблеяси толибларни барча қизларнинг мактабда ўқишига рухсат беришга чақиради

Афғон ўқувчи қизлари. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистон Дин уламолари ассамблеяси баёнот бериб, мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракатини қизларнинг таълим олишига қўйилган барча чекловларни бекор қилишга ва улар учун мактабларни қайта очишга чақирди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Дин уламолари қизларнинг таълим олиши уларнинг асосий ҳуқуқи экани ва толибларни бу ҳуқуқни бузмасликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 23 март куни бошланган янги ўқув йилида толиблар мактабларга фақат бошланғич синф ўқувчи қизларнинг боришига рухсат берган эди. Радикал ҳаракат томонидан тузилган Халқ таълими вазирлиги қарори билан 6-синф ва ундан катта синфдаги қизлар дарсга киритилмайди.

«Шариат қоидаларига кўра, аёллар эркаклар қатори шариат ва замонавий илмларни ўрганишга ҳақлидирлар. Шунинг учун биз [Афғонистон] Ислом Амирлиги**ни қизлар учун таълим эшикларини очишга ва бу борадаги барча тўсиқларни олиб ташлашга чақирамиз», — дейилади Афғонистон Дин уламолари ассамблеяси баёнотида.

«Қизлар таълим олиш ҳуқуқига эга ва уларга йўл очиш керак. Ислом динига кўра, ҳар бир мусулмон (хоҳ эркак, хоҳ аёл киши) таълим олиш ҳуқуқига эга ва у таълим олиши керак», — дея таъкидлаган дин уламолари.

Дарҳақиқат, Европа мусулмонлари иттифоқи депутати Ивон Ридли (Yvonne Ridley) TOLOnews телеканалига берган эксклюзив интервьюсида Афғонистондаги қизларнинг таълим олиши билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирган. «Толибон»расмийлари билан учрашувда у ўрта ва юқори синф ўқувчи қизлар учун мактабларни тезроқ очишни сўраганини айтган.

Айни пайтда Берлинда афғонлар ва Германия фуқаролари Афғонистонда мактабларнинг қайта очилишини талаб қилиб, ўрта мактаб ўқувчи қизларининг таълим жараёнидан четлаштирилишига қарши намойиш ўтказди.

Афғонистонда 6-синфдан ошган қизлар учун мактаблар ёпилганига икки юз кундан ортиқ вақт ўтди. Уларнинг таълим олишини тақиқлаш кенг маҳаллий ва халқаро реакцияларга сабаб бўлди. Жумладан, Жаҳон банки (ЖБ) Афғонистонда қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳоли турмушини таъминлаш соҳасидаги 600 миллион доллар миқдоридаги тўртта лойиҳани тўхтатиб қўйди. ЖБ Афғонистонни қайта тиклаш мақсадли жамғармаси орқали молиялаштирилган бутун лойиҳалар жинсидан қатьий назар барча инонларнинг тенг фойдаланиш имкониятини назарда тутишини таъкидлайди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ