БМТ Афғонистонга ёрдам бериш учун 2,5 миллиард доллар йиғди

Афғон қочқинлари. БМТ сайти фотосурати

Жаҳоннинг 41 та донор давлати Афғонистонга гуманитар вазиятни яхшилаш учун ёрдам кўрсатишга қарор қилди ва 2,44 миллиард доллардан ортиқ маблағ йиғди. БМТнинг Женевада бўлиб ўтган Афғонистонга доир конференциясида ўртага қўйилган масалага ушбу давлатлар шундай жавоб берди, деб хабар беради Reuters.

Конференцияда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш афғонларни қўллаб-қувватлаш ва Афғонистоннинг хориждаги қарийб 9 миллиард долларлик активларини озод қилиш учун 4,4 миллиард доллар йиғиш зарурлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгач хорижий давлатлар ва кўплаб гуманитар ташкилотлар Афғонистонни қўллаб-қувватлашни тўхтатган эди. Афғонистон давлатининг хорижий банкларга қўйган активлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи ҳисобланган толиблар томонидан фойдаланилмаслиги учун музлатиб қўйилганди.

Женевада бўлиб ўтган конференцияда Гутерриш 9 миллион афғон халқи очарчиликка дучор бўлгани, баъзи оилалар тирик қолиш учун болаларини ва органларини сотаётганини айтди. У, шунингдек, Афғонистон аҳолисининг 95 фоизи етарли озиқ-овқат билан таъминланмаганини таъкидлади.

Таъкидланишича, Афғонистонга ёрдам учун йиғилган 2,44 миллиард долларнинг бир қисми Эрон ва Покистонда истиқомат қилаётган афғон қочқинлари учун ажратилади.

Бундан олдин, толибларнинг ўрта ва юқори синфларда қизларнинг ўқишини тақиқловчи қарори боис Жаҳон банки (ЖБ) Афғонистонда қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳоли турмуш таъминоти билан боғлиқ 600 миллион долларлик тўртта лойиҳани тўхтатиб қўйганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ