Россия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги толиблар ҳукуматининг биринчи дипломатини аккредитация қилди

Сергей Лавров ва толиблар делегацияси. "Коммерсант" газетаси фотосурати

Москва февраль ойида Россияга келган «Толибон»* томонидан тузилган ҳукуматдан биринчи афғон дипломатини аккредитация қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Хитойнинг Тунси шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар конференциясида маълум қилди, деб ёзади РИА Новости.

«Ўтган ой янги ҳукумат томонидан Москвага юборилган биринчи афғон дипломати вазирлигимизда аккредитациядан ўтганини таъкидламоқчиман», — деди Лавров.

Лавровнинг таъкидлашича, «бошқарув тажрибаси йўқлиги, молиявий-иқтисодий чекловлар ва АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий-сиёсий босимига қарамай, Афғонистоннинг янги маъмурияти, умуман олганда, давлатни барқарор ушлаб туришнинг уддасидан чиқмоқда».

«Терроризмга қарши кураш соҳасида маълум ижобий натижалар мавжуд. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ҳаракат қилинмоқда. Кобул дипломатик ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш устида фаол ишламоқда. Биз, биринчи навбатда Афғонистонга қизиқиш билдираётган минтақа давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик босқичма-босқич йўлга қўйилганини қайд этамиз. Бу алоқаларнинг барчаси, албатта, янги афғон ҳокимиятининг халқаро миқёсда тан олинишига хизмат қилади», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Шу билан бирга, Лавровнинг сўзларига кўра, янги ҳокимият нафақат мамлакатдаги турли этник гуруҳлар, миллий ва конфессиявий озчиликлар, балки сиёсий кучлар вакилларидан ҳам ташкил топмоғи керак. Бундай шароитда БМТ янги ҳукуматни тан олишда «аниқловчи ролни» ўйнаши керак, дея қўшимча қилди вазир.

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида, НАТО қўшинлари мамлакатни тарк этиши фонида қўлга киритган эди. Собиқ президент Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди. Сентябрь ойида толиблар Афғонистон муваққат ҳукуматини эълон қилди, унинг таркибига асосан раликал ҳаракат вакиллари ва этник пуштунлар кирди. Шу кунгача «Толибон» тузган ҳукуматни дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмади. Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги янги ҳокимиятга турли сиёсий ва этник гуруҳлар вакилларининг киритилишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, янги ҳокимиятни тан олишнинг мажбурий шартлари қаторида -аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, уларнинг ўқиши ва ишлашига қарши чиқмаслик, террористик гуруҳлар билан алоқа қилишдан бош тортиш талаби ўрин олган. Бироқ, «Толибон»нинг ўзи ҳамон кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилотлар рўйхатидан ўрин олган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ