Қизларнинг мактабда ўқиши тақиқлангани боис Жаҳон банки афғон лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни тўхтатди

Twitter тармоғи фотосурати

Ҳокимятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракатининг ўрта ва юқори синфларда қизларнинг ўқишини тақиқловчи қарори боис Жаҳон банки (ЖБ) Афғонистонда қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳоли турмуш таъминоти билан боғлиқ 600 миллион долларлик тўртта лойиҳани тўхтатди. Бу ҳақда 30 март куни Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Жаҳон банки Афғонистонни қайта тиклаш фонди орқали молиялаштирилган барча лойиҳалар одамларнинг жинсидан қатъи назар хизматлардан тенг фойдаланишига мўлжалланганини таъкидлади.

Халқаро молия ташкилоти вакиллари лойиҳаларни қайта бошлаш учун вазиятни яхшироқ тушунишлари ва ажратилган маблағлар ўз ўрнида ишлатилиши кафолатини олишлари кераклигини тушунтирди. Банкдаги маблағларнинг озод этилиш вақти аниқ кўрсатилмаган.

ЖБ Ижроия кенгаши 1 март куни Афғонистонни қайта тиклаш мақсадли жамғармаси бюджетидан БМТ агентликлари ва гуманитар ёрдамлар орқали тақсимланиши керак бўлган таълим, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги дастурларни молиялаштириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаш режасини тасдиқлаган эди.

Жамғарма маблағлари ўтган август ойида мамлакатда толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг музлатилган эди. Хорижий ҳукуматлар маҳаллий ҳокимият харажатларининг 70% дан ортиғини ташкил этувчи молиявий ёрдамини бекор қилди ва бу ҳолат Афғонистондаги иқтисодий инқирозни тезлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, афғон мактабларида ўқув жараёни толиблар ҳукумат тепасига келганидан сўнг тўхтатилган эди. Сентябрь ойида ўқиш қайта тикланди, аммо мактабларга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар қабул қилинди.

Ўтган йил ноябрь ойидан бери «Толибон» вакиллари бир неча бор 2022 йил мартидан барча ёшдаги мактаб ўқувчилари мактабга қатнашиши мумкинлигига ваъда беришганди. Бироқ, 23 март куни толиблар Таълим вазирлиги мактабларда фақат бошланғич синф ўқувчи қизлари учун ўқишга рухсат берилганини маълум қилди. Вазирлик ўрта ва юқори синф ўқувчи қизлари учун дарслар қачон бошланишини ошкор қилмади.

Халқаро ҳамжамият толибларнинг маорифга доир қароридан норози, АҚШ Доҳадаги радикал ҳаракат билан кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишга доир учрашувини бекор қилди.

Афғонистоннинг ўзида «Толибон» сиёсати норозилик намойишларини келтириб чиқармоқда. Унда катта ёшдаги ижтимоий фаоллар ҳамда мактаб ўқувчи қизлари қатнашмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ