Қандаҳорда «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан ҳибсга олинган олти нафар журналист ва ОАВ ходимлари озод этилди. Бу ҳақда Афғонистон мустақил журналистлар ассоциацияси Қандаҳор бўлими раҳбари Муҳаммад Яр Мажруҳ (Mohammad Yar Majrooh) маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.
28 март куни толиблар Қандаҳорда эфирга узатиладиган «Миллат овози» радиостанциясини ёпиб, унинг бир неча ходимларини ҳибсга олган эди. Бундан ташқари, Қандаҳордаги Radio Zama радиостанцияси раҳбари Мирваис Атал (Mirwais Atal) ҳам уч кун радикаллар томонидан қўлга олинганди.
Мажруҳнинг айтишича, Атал ҳам бошқа қандаҳорлик журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бирга озод қилинган.
Бундан олдин толиблар ВВC телерадиокомпаниясининг Афғонистондаги телекўрсатувларини тақиқлагани маълум бўлганди. Афғонистонда толиблар маҳаллий каналларга қатор хорижий ОАВ контентини кўрсатмасликни буюргач, ВВC телеканалининг пушту, форс ва ўзбек тилларида 6 миллиондан ортиқ томошабинни қамраб олган дастурлари эфирдан олиб ташланган. Афғонларнинг сунъий йўлдош телевидениесига эга атиги 20 фоизи ВВCнинг форс телеканалини кўриш имкониятига эга. Шу билан бирга, корпорациянинг радио ва онлайн хизматларига тегилмаган.
Афғонистонда тақиқланган халқаро телерадиокомпаниялар орасида «Америка овози», Германиянинг Deutsche Welle ва China Global Television Network бор.
Толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг журналистларга ва ўзлари ёқтирмайдиган оммавий ахборот воситаларига нисбатан репрессиялар олиб бормоқда.
2021 йил охирида Халқаро Журналистлар Федерацияси (IFJ) Афғонистонни матбуот ходимлари учун энг хавфли давлат деб эълон қилди.
«Афғонистон — энг юқори бадал тўлаётган давлат ҳисобланади. IFJ нинг Гендер масаласи бўйича Кенгаши афғон журналист аёлларининг аҳволидан айниқса хавотирда ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилиш учун саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, «Толибон»дан жабр кўрган афғонистонлик журналист аёлларнинг оғир аҳволини яхшилаш учун халқаро миқёсда чоралар кўрилиши зарур, — дейилади федерация ҳисоботида.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).